Россия Киевдаги болалар шифохонасига зарба берди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
08 Июль
7911Бугун, 8 июль куни Россиянинг ракета зарбалари Украина шаҳарларидаги асосий нишонларга, жумладан Киевдаги болалар шифохонасига тегди. Оқибатда 20 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси хабар берди.
Украина расмийларининг айтишича, камдан кам учрайдиган бундай кундузги ҳаво ҳужуми Киев, Днепр, Кривой Рог, Славянск ва Краматорск каби шаҳарларда содир бўлган. Зарар кўрган бинолар орасида энг йирик болалар тиббиёт маркази бўлган Киевдаги Охматдит шифохонаси ҳам бор. Шифохона бутун мамлакат бўйлаб кўплаб касал болаларни даволашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳодиса жойидан олинган видеоларда кўнгиллилар полиция ва хавфсизлик хизмати билан биргаликда вайроналардан болаларни хавфсиз жойга олиб чиқишга қандай ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин.
“Ҳамма тутун ичида қолганди, нафас олиш учун ҳаво йўқ эди. Бу қўрқинчли бўлса-да, биз омон қолдик”, дейди катта ҳамшира Наталя Сардудинова ракеталарнинг шифохонага тушган пайтини тасвирлаб бераркан.
Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Х саҳифасида шифохонадаги қурбонларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмаслигини ва вайроналар остида одамлар борлиги, шифокорлардан тортиб маҳаллий аҳолигача ҳамма вайроналарни тозалашда ёрдам бераётганини айтган.
“Кўп қаватли уйлар инфратузилмаси, болалар шифохонаси шикастланган. Барча ташкилотлар имкон қадар кўпроқ одамни қутқариш билан шуғулланмоқда”, деб ёзган Зеленский.
Шунингдек, у Украинага қарши ҳар хил турдаги 40 га яқин ракета учирилгани, бутун дунё Россия зарбаларига якун ясаш учун бор кучини ишга солиши кераклигини таъкидлаган.
“Фақат биргаликда ҳақиқий тинчлик ва хавфсизликни таъминлай оламиз”, дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украинанинг Суми вилоятидаги энергетика инфратузилмаси объектларига зарба бергани ҳақида хабар берилганди. Оқибатда 100 мингдан ортиқ истеъмолчи ҳисоблагичлари қувватсизланганди.
LiveБарчаси