Россия-Қозоғистон чегарасида ўзбекистонликлар тўпланди
Жамият
−
08 Июль 2020
8576Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари маълумотларига кўра, Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида ва Оренбург вилояти Бузулук шаҳрида мос равишда 1300 ва 700 дан ортиқ ўзбекистонликлар тўпланган. Уларга вазиятни тушунтириш учун Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси раҳбарлари фуқаролар тўпланган жойга келишди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Москвадаги элчихонаси томонидан фуқароларнинг “Маштаково” назорат-ўтказиш пунктига боришга уринмасликлари, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишлари ва барча карантин чораларига қатъий риоя этишлари тўғрисида берилган кўп сонли огоҳлантиришларга қарамай, Қозоғистон ҳудуди орқали автотранспорт воситаларида ватанга қайтиш мақсадида фуқаролар Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида тўпланишни давом эттирмоқда.
Минтақада коронавирус инфексияси билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши, Қозоғистонда қатъий карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан фуқароларнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали қайтиши ташкилий ва бошқа қийинчиликларни келтириб чиқармоқда, айниқса, фуқароларнинг соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмоқда.
“Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Россия ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан чеклов чораларига тўғри баҳо беришларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва ўзларининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини хавф остига қўймасликларини яна бир бор сўраймиз”, дейилади хабарда.
Ташқи ишлар вазирлигининг қайд этишича, Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсларини ташкил этиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан ҳамда мунтазам “сариқ” ва “яшил” рейслар қайта ташкил этилишига кўра ватанга қайтадилар.
LiveБарчаси