Россия гуруч экспортини тақиқлади

Олам

image

Россия ҳукумати мамлакатдан гуруч, гуруч ёрмалари ва озуқа аминокислоталарини экспорт қилишни вақтинча чеклади. Ушбу чора 1 июлдан 31 декабргача амал қилади. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

“2022 йил 1 июлдан 31 декабргача Россияда озуқа аминокислоталари, гуруч ва гуруч ёрмаларини экспорт қилиш бўйича чекловлар жорий этилди. Ҳукумат Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тайёрланган тегишли қарорларни имзолади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур қарор мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ушбу маҳсулотларнинг ички нархларини барқарор сақлаш, шунингдек чорвачилик ва қайта ишлаш тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Шунингдек, L-лизин сульфат, L-лизин моноҳидрохлорид ва DL-метионин – ҳайвонларнинг тўлиқ озиқланиши учун зарур бўлган муҳим озуқа аминокислоталарига вақтинчалик экспорт чекловлари жорий этилди.

“Бу қарор ички бозорда юзага келиши мумкин бўлган дефицитнинг олдини олади”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, вақтинчалик тақиқ ушбу маҳсулотларни Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ), Абхазия, Жанубий Осетия, Донецк ва Луганск халқ республикаларига, шунингдек халқаро гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида экспорт қилишга тааллуқли эмас.

Ўз навбатида, гуруч ва гуруч ёрмаларини экспорт қилиш бўйича чекловлар ЕОИИ мамлакатларига ва халқаро ҳукуматлараро келишувлар доирасида экспорт қилиш учун қўлланилмайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Оксана Лутнинг сўзларига кўра, қабул қилинган қарорлар ички бозорни зарур маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаш имконини беради: аминокислоталар экспортини тақиқлаш чорвачиликда ижобий динамикани сақлаб қолишга, шолига чекловлар эса дон маҳсулотлари етишмаслиги хавфини бартараф этишга ва тайёр маҳсулотларнинг барқарор нархларини таъминлашга ёрдам беради.

Аввалроқ, Беларусь ҳукумати қатор муҳим озиқ-овқат маҳсулотларини республика ташқарисидан олиб чиқишга қатъий чекловлар ўрнатгани ҳақида хабар берган эдик. Бунга чегара ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия гуруч

Баҳолаганлар

109

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг