Россия генералини ўлдирганликда гумонланган ўзбекистонлик қўлга олинди (видео)
Олам
−
12:52
24626Кеча, 17 декабрь куни Россиянинг Москва шаҳрида содир бўлган портлаш қурбони бўлган мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг ўлимида гумон қилиниб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак ушланди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси баёнот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароси қўмита томонитан ФХХ ва ИИВ ҳамкорлигида қўлга олинган. Билдирилишича, ўзбекистонлик Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан Москвага келган ва қўлда ясалган портловчи мосламани Игорь Кириллов яшаган тураржой биносига кираверишда турган электр самокатга қўйган.
“Ҳарбий хизматчининг яшаш жойини кузатиш мақсадида у автомашина ижарага олиб, у ерда видеокузатув камерасини ўрнатган. Ушбу камерадан олинган кадрлар Днепр шаҳридаги Украина хавфсизлик хизматига онлайн тарзда узатиб турилган. Ҳарбий эшикдан чиқиб кетаётгани ҳақида видеосигнал олинганидан кейин портловчи қурилма масофадан туриб ишга туширилган”, дейилади хабарда.
Россия Тергов қўмитасининг версиясига кўра, ушбу жиноят учун Ўзбекистон фуқаросига 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига яшаш учун бориши кафолатланган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳридаги портлашда мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ҳалок бўлганди. Унинг ҳайдовчиси ҳам вафот этган. Портловчи қурилма 200 грамм тротил қувватига эга бўлган, оқибатда уйнинг кириш эшиги ва деразалари синиб кетган, генералнинг хизмат машинаси ҳам шикастланган.
Кейинроқ “Reuters”нинг Украина Хавфсизлик хизматидаги манбаси Кириллов ва ёрдамчисининг ўлдирилишида Киев бевосита алоқадорлигини маълум қилди. Унинг айтишича, Киев Кирилловни ҳарбий жиноятчи ва “мутлақо қонуний нишон” деб билади. Украина россиялик генерални Украина қўшинларига қарши кимёвий қурол қўллашга буйруқ берганликда айблади.
Бироқ манбалар уларнинг даъволарига ҳеч қандай далил келтирмаган.
Генерал-лейтенант Кириллов кеча, 17 декабрь куни Мудофаа вазирлиги брифингида иштирок этиши керак эди. Генерал Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг, мунтазам равишда журналистлар учун брифингларда нутқ сўзлаб, кенг танилган. Масалан, 2022 йилда АҚШни Украинада чивинлар орқали тарқатиладиган вируслар тадқиқ этиладиган биолабораториялар яратишда айблаган. 2023 йилда эса АҚШ рақиб ҳарбий хизматчиларини заҳарлаш учун бундай чивинларни дронлар орқали етказишни режалаштираётгани ҳақида гапирганди. У шунингдек, Россияда парранда гриппи билан касалланиш даражаси ортганини Украинадан зарарланган қушлар миграцияси билан изоҳлаган.
LiveБарчаси