Россия генералини ўлдирганликда гумонланган яна икки киши ҳибсга олинди (видео)
Олам
−
16 Январь
218432024 йилнинг 17 декабрь куни Москва шаҳрида ўз уйидан чиқиш арафасида портлатиб юборилган Россия Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг ўлдирилишида гумон қилинган яна икки шахс ҳибсга олинди. Бу ҳақда Москва шаҳар суди хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу икки гумонланувчининг исми – Рамазон Бекхонович Падиев ҳамда Ботухон Русланович Тожиев. Тергов маълумотларига кўра, Тожиев ва Падиев номаълум кураторнинг кўрсатмасига кўра интернет орқали олдинроқ ушбу жиноий ишда гумонланиб ҳибcга олинган Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбонов учун Москва вилоятидаги ётоқхонадан хона ижарага олган. Куратор ижара ҳақини тўлаш учун Тожиевнинг ҳисоб рақамига бир неча бор пул ўтказган. Шу билан бирга, Падиев ётоқхонага шахсан бориб, тўловларни амалга оширган ва бинонинг ички ҳамда ташқи кўринишини жойида суратга олган, сўнгра Москвадаги савдо марказларидан бирида хона калитини Қурбоновга топширган, кейин ижара муддатини узайтириш учун ҳам пул тўлаган.
Бугун, 16 январь куни Москванинг Басманний туман суди қарори билан дастлабки тергов органларининг Рамазон Падиевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилди. Падиев Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 4-қисми (Террорчилар ҳамжамиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш), 2221-моддаси (Портловчи моддалар ёки портловчи мосламаларни ноқонуний олиш, бериш, сотиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки олиб ўтиш) 3-қисми ҳамда 2231-моддаси (Портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш, портловчи қурилмаларни ноқонуний ишлаб чиқариш, ўзгартириш ёки таъмирлаш) бўйича айбланган. У 1 ой 3 кун муддатга ҳибсда қолади.
Ботухон Тожиев эса Жиноят кодексининг 205-моддаси 4-қисми (Террорчилар ҳамжамиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш), 2221-моддаси (Портловчи моддалар ёки портловчи мосламаларни ноқонуний олиш, бериш, сотиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки олиб ўтиш) 3-қисми 2231-моддаси (Қуролни ноқонуний ишлаб чиқариш) билан айбланган. У эса 1 ой 1 кун муддатга ҳибсда қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг ўлимида гумон қилиниб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак ушланганди. Ўзбекистон фуқароси қўмита томонидан ФХХ ва ИИВ ҳамкорлигида қўлга олинган. Билдирилишича, ўзбекистонлик Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан Москвага келган ва қўлда ясалган портловчи мосламани Игорь Кириллов яшаган тураржой биносига кираверишда турган электр самокатга қўйган. Россия Тергов қўмитасининг версиясига кўра, ушбу жиноят учун Ўзбекистон фуқаросига 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига яшаш учун бориши кафолатланган бўлган.
LiveБарчаси