Россия генералларидан бири портлатилди
Олам
−
17 Декабрь
16350Россиянинг Москва шаҳридаги портлашда мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тергов қўмитаси хабар берди.
Хабарга кўра, унинг ҳайдовчиси ҳам вафот этган. Тергов маълумотлари генералнинг бугун, 17 декабрь куни эрталаб Москванинг Рязанский туманидаги тураржой биносига киравериши ёнида турган самокатга ўрнатилган портловчи қурилма ишга туширилиши оқибатида вафот этганини кўрсатмоқда. Портловчи қурилма 200 грамм тротил қувватига эга бўлган, оқибатда уйнинг кириш эшиги ва деразалари синиб кетган, генералнинг хизмат машинаси ҳам шикастланган.
Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича Бош тергов бошқармаси икки ҳарбий хизматчининг ўлдирилиши бўйича жиноий иш қўзғатган. Воқеа жойида терговчилар, криминологлар ва тезкор хизматлар ишламоқда. Ҳозирда содир этилган жиноятнинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Украина генерал ва унинг ёрдамчиси ҳалок бўлган Москвадаги портлаш ҳақида изоҳ бермаган. Бироқ Украинанинг айрим Теlegram-каналлари россиялик генерал урушда кимёвий қуролларни қўллаш ҳақида шахсан топшириқ бергани ва бунинг ортидан ҳарбий жиноятларда гумонланаётганини ёзмоқда. Хусусан, Украинанинг жанубий ва шарқий ҳудудларида кимёвий қуролларнинг оммавий қўлланиши учун амалдор Кирилловнинг буйруғига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери 4,8 мингдан ортиқ ҳолатлар содир бўлган.
Генерал-лейтенант Кириллов бугун Мудофаа вазирлиги брифингида иштирок этиши керак эди. Генерал Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг, мунтазам равишда журналистлар учун брифингларда нутқ сўзлаб, кенг танилган. Масалан, 2022 йилда АҚШни Украинада чивинлар орқали тарқатиладиган вируслар тадқиқ этиладиган биолабораториялар яратишда айблаган. 2023 йилда эса АҚШ рақиб ҳарбий хизматчиларини заҳарлаш учун бундай чивинларни дронлар орқали етказишни режалаштираётгани ҳақида гапирганди. У шунингдек, Россияда парранда гриппи билан касалланиш даражаси ортганини Украинадан зарарланган қушлар миграцияси билан изоҳлаган.
54 ёшли Кириллов Россия Кимёвий мудофаа ҳарбий академиясини тамомлаган. 2017 йилга қадар ушбу академияга раҳбарлик қилган. 2017 йилнинг апрелида Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа кучлари бошлиғи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳри Синявинская кўчасидаги тураржой биноси ҳовлисида номаълум шахс томонидан шу ерда турган автомобиль портлатиб юборилганди. ОАВларнинг аксарияти транспорт воситасида Россия Мудофаа вазирлиги офицери, сунъий алоқа радиомаркази бошлиғи ўринбосари, майор Андрей Торгашов бўлгани ҳақида хабар берди. Бироқ Торгашовнинг ўзи Москвада автомобиль портлаши пайтида жароҳат олгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси Торгашовнинг рафиқаси эса ўзи ва эрининг портлаш оқибатида жабрланганини инкор этган ва интернетда тарқалган хабарларнинг фейк эканини билдирган. Москва шимолида автомобилни портлатишда гумон қилинган Россия фуқароси ўшанда Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Бодрум шаҳрида қўлга олинганди.
LiveБарчаси