Россия Эронни Исроилга сотди

Таҳлил

Жорий хафта ўртасигача жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар тафсилоти бидан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.

Россия Эронга хиёнат қилди

Россия Ливия ва Сурия каби Эронга ҳам хиёнат қилгани ҳақидаги хабарлар ҳафтанинг энг кескин сиёсий бурилишларидан бири бўлди. Ливия ва Сурия масаласи ўз йўлига, аммо бир-бирига стратегик ҳамкор бўлишига қарамай, ўша ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома жорий йил 17 январь куни имзоланиб, сўнг орадан бир неча ой ўтгач Исроил Эронга ҳужум бошлаган пайтда стратегик ҳамкори Эрон қолиб Исроилга ёрдам берганлик айблови Москвани ташқи дунёда янада куcлироқ изоляцияланишига ишора қилмоқда. Энг ажабланарлиси, буни Эрондаги олий органларлардан бирининг аъзоси очиқлади ва Москвага шундай жиддий айблов қўйди. Сиёсий тизимнинг мақсадга мувофиқлигини аниқлаш кенгаши аъзоси Сайид Муҳаммад Садр “Seenergyir” каналига берган интервьюсида Россия Эрон ва Исроил ўртасидаги 12 кунлик уруш пайтида душман томонига разведка маълумотларини тақдим этганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, июнь ойидаги Эрон-Исроил қуролли тўқнашуви Москва билан стратегик иттифоқ фойдасиз эканини кўрсатган.

“Россия Исроилга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг Эрондаги жойлашуви ҳақида маълумот берди. Масалан, улар (Россия) шунчаки: “Исроилнинг Эронга ҳужум қилганидан хурсанд эмасмиз”, деди.

 “Туркия НАТО аъзоси. НАТО нима? Бу Россияга қарши. Россия Туркияга С-400 сотишга рози бўлди. Бу биз узоқ вақтдан бери гапириб келаётган стратегик шериклик ҳақида эмас”, деди Сайид Муҳаммад Садр.

Ростдан ҳам ўша уруш кунлари давомида Кремлдан чиққан муносабатларнинг овози жуда паст эди. Россия ўшанда шунчаки АҚШ ва Исроилнинг бу ҳаракатлари қабул қилиб бўлмас эканини айтишдан уёғига ўта олмади. Умуман олганда, Москва жуда мушкул вазиятда, у Эронга ҳеч қандай ёрдам етказиб бермади. Улар ўртасида яқиндагина имзоланган кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битим ҳам бу учун етарли бўлмади. Ўша шартнома мамлакатлар ўртасидаги кейинги 20 йилга мўлжалланган муносабатларни тартибга солиш ва турли соҳаларни, жумладан, мудофаа, терроризмга қарши кураш, энергетика, молия ва маданиятни қамраб олиши кўзда тутилганди. Аммо июнь ойида Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг Эрон-Исроил можаросида Теҳронга ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиши улар Москвага қандай илтимос билан чиқишига боғлиқлигини айтганди. Бу баёнот Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва Россия Президенти Владимир Путиннинг Москвадаги учрашуви арафасида янгради. Аммо Песков ўшанда ҳаводаги мудофааси фалажланган Эронга Россия томонидан С-300 ёки С-400 ҳаво мудофаа тизимлари етказиб бериладими, деган саволни жавобсиз қолдирганди. Ўз-ўзидан якунда Ароқчи Россиядан қуруқ қўл билан қайтди. Москва эса ўз сукути ва Эронга ёрдам берилмаётганини Теҳроннинг ёрдам сўрамагани билан оқлади.

Мана орадан икки ой ўтиб аста-секин Эрон руслардан ҳафсаласи пир бўлганини жуда юқори доирада билдириб ўтди. Чунки тизимнинг мақсадга мувофиқлигини аниқлаш кенгаши Эрондаги ҳазилакам тузилма эмас. Бу Эроннинг энг юқори қонун чиқарувчи органи бўлиб, Олий раҳбар Оятуллоҳга қолганлардан кўра анча яқин институт ҳисобланади. У 40 дан ортиқ сиёсатчилар, собиқ амалдорлар ва юқори мартабали уламолардан ташкил топган. Шу боис, Муҳаммад Садрнинг Россия хиёнати ҳақида гапириши – бу Теҳрон ва Москванинг видолашувидан дарак беради. Лекин ушбу мулозим икки ўртадаги муносабатлар узил-кесил йўқ бўлиб кетмаслиги керак, деган фикрни ҳам илгари сурган. У Россия билан жуда жиддий муносабатларга эга бўлиш лозимлигини айтган, аммо Эрон унга барибир ишона олмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Биз эса: “Чунки Эрон аллақачон бошқа бир қудратли сиёсий ва иқтисодий кучга ишонишни бошлаганди”, дейишимиз учун етарлича асослар бор. Исроил билан урушдан сўнг, Эрон Хитойга юзлангани, ундан турли мудофаа қуроллари сотиб олишга киришгани ҳақида хабарлар чиққанди. Боз устига стратегик ҳамкорлик масштаби мудофаа соҳасини ҳам қамраб олган Россиядан ҳеч вақо келмаган бир пайтда Хитойдан чиққан ва Эрон ҳаво ҳудудига кириб радарлардан ғойиб бўлган ёрдам самолётлар ҳақидаги маълумотлар кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Умуман олганда, Пекин ва Теҳроннинг жуда яқин жипслашуви Исроил ҳужуми ва айнан мана шу ёрдам ортилган самолётлар фонида юз берди дейиш мумкин. Албатта уруш кучайиб кетган тақдирда Эрон томонидан Ҳормуз бўғозининг ёпиб қўйилиши, иқтисодиёти нефтга боғланган Хитой учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши тайин эди. Аммо бу яқинлашув ўша пайтдаги маълум ёрдам билан тўхтаб қолмагани айтилмоқда. Исроил насрлари билан бўлиб ўтган 12 кунлик урушдан сўнг, Теҳрон ўз ракета дастурларини қайта тиклаш учун Хитой билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар бермоқда.

“Ynet” нашрининг маълум қилинишича, Эрон урушдан сўнг ўзининг мудофаа салоҳиятини фаол равишда тикламоқда. Бу жараёнда янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракета қуролларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ғарб разведка маълумотларига кўра, можарода жиддий талафот кўрган Теҳрон ўз ракета дастурларини қайта тиклаш учун Хитой вариантини афзал кўряпти. Бундан ташқари, ядровий қурол ишлаб чиқишдан фарқли ўлароқ, Эроннинг баллистик ракеталар яратиши халқаро шартномалар билан чекланмаган. Ғарб махсус хизматлари Эрон ва Хитой ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг қайта тикланаётганига оид белгиларни қайд этган. Аслида 2024 йилнинг октябрь ойидаги можародан сўнг, Пекин Теҳронга муайян ускуналарни етказиб бера бошлаган. Энди эса разведка маълумотларига кўра, Хитой Эроннинг ракета салоҳиятини тиклаш ва модернизация қилишда муҳим рол ўйнаши мумкин. Исроилда эса бу ҳолат катта хавотир уйғотмоқда. Айтишларича, Исроил амалдорлари Пекинга бу борада тегишли сигнал юборган. Аммо халқаро майдонда ҳатто АҚШ манфаатлари билан ҳам ҳисоблашиб ўтирмайдиган Хитой, келиб-келиб унинг арзандасидан юборилган сигналга эътибор беришига ишониш қийин.

Нетаньяху Туркиядан ўч олмоқчи

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Туркиядан маъанавий ўч олишга уринди. У 1915 йил, яъни Усмонлилар империяси ҳали ҳеч бўлмаганда расмий жиҳатдан сақланиб турган пайтда арманларга қарши амалга оширилган қирғинларни геноцид деб тан олди. У буни расмий жиҳатдан ҳужжатлаштирмади, аксинча шунчаки, 26 август куни америкалик бизнесмен ва ижтимоий тармоқ фаоли Патрик Бет-Девид билан суҳбат чоғида маълум қилди. Патрик Бет-Девид Исроил Бош вазири билан уюштирган интервюси давомида:

“Нега шу пайтгача Исроилнинг ҳеч қайси Бош вазири Усмонлилар империяси томонидан арманлар, оссурийлар ва юнонларнинг ўлдирилишини геноцид деб атамаган?”, дея тўсатдан берган саволига Нетаньяху:  “Ҳа шундай, лекин мен ҳозир айтдим. Нуқта”, дея жавоб берди ва бу ҳаракатни геноцид сифатида тан олишини билдирди. 

Шу тариқа, у Исроил Бош вазирлари орасида бундай эътирофни очиқ тан олган биринчи шахсга айланди. Исроил шу пайтгача Усмонлилар империясидаги 1915–1916 йиллар воқеаларини расман геноцид сифатида тан олишдан тийилиб келган. Бунга сабаб сифатида Анқара билан совуқлашиб қолган дипломатик муносабатлар кўрсатилган эди. Бироқ сўнгги йилларда, хусусан, Ғазодаги воқеалар фонида икки давлат алоқалари янада кескин ёмонлашиб кетди. Нетаняхунинг бу қисқа ва шов-шувли нутқи эса тезда тармоқларда тарқалиб, норозиликлар келтириб чиқарди ва Туркия расмийларигача етиб борди. Вазиятдан хабар топган Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Нетаньяхунинг сўзларини қоралаб, “фаластинликларга қарши геноцидда айбланаётган шахс ўз жиноятларини яшириш учун тарихни сиёсийлаштирмоқда” деган мазмунда баёнот берди.

Ўзи арманлар қирғини ҳақида тарих устида доим фикрлар ва ғоялар жанги кетади. Дунёнинг аксар давлатлари буни турклар томонидан уюштирилган геноцид деб ҳисобласа, Туркия мазкур воқеа уруш пайтида табиий шароитларда юз берганлигини даъво қилади. Воқеликка қисқача назар ташлайдиган бўлсак, Биринчи Жаҳон уруши пайтида, 1915 йил январ ойида Анвер Пошо Сариқамиш жангида русларни сиқиб чиқаришга ҳаракат қилади, аммо бу урушда ёш турклар ўзининг энг қақшатқич мағлубиятларидан бирини қабул қилиб олади. Етишмовчилик ва оғир шароитлар мағлубиятга асосий сабаб бўлса-да, ёш турклар ҳукумати айбни арманларга юкламоқчи бўлади. Тарихий манбалар армиядаги арман аскарлари демобилизация қилиниб, меҳнат батальонларига ўтказилгани, қуролсизланган арман аскарлари кейинчалик қатлиом қилинганини баён қилади. Тарихчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, ўша даврда тахминан 1,5 миллион арман вафот этган.

Аммо масаланинг иккинчи томони шундаки, мазкур қирғин атайин амалга оширилганми, ёки йўқ, буни Усмонли номи билан боғлаш унчалик ҳам тўғри эмас. Негаки, кўпчиликка маълум Усмонли империяси расман 1922 йилга қадар яшаган бўлсада, унинг сўнгги султони бу –Абдулҳамид II. Ундан кейинги ўзгариш ва усмонли вакилларининг сўзи эса сарой дарвозасидан ташқарига чиқмагани тарихдан маълум. Бугунга келиб эса қатор Ғарб давлатлари, хусусан, Германия 2016 йилда, АҚШ эса 2019 йилда федерал миқёсда арманлар фожиасини геноцид деб қабул қилган.

Си Цзиньпин Хитой армиясида катта тозалаш қилмоқда

Хитойда коммунизм ва бир партийликнинг кутилган воқеликлари юз бермоқда. Мамлакат Раиси Си Цзиньпин армияда катта тозалашларни амалга ошираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. “Bloomberg” маълумотларига кўра, у тозалашни шу даражада амалга оширяптики, бу Хитой Халқ Республикасининг асосчиси ва биринчи раҳбари Мао Цзэдун давридан буён энг йирик ишдан бўшатиш ҳисобланади. Бугунги Хитой асосчиси Мао Цзэдун ўз ҳокимияти даврида тайинлаган генералларнинг қарийб бешдан бир қисмини лавозимидан четлатган. Улардан айримлари тергов остида, бошқалари эса бир мунча пайтдан сўнг омма олдида умуман кўринмай қолган.

Қайд этилишича, бугунги кунда Си Цзиньпин ҳам Хитойда шундай катта кўламдаги юқори ҳарбий лавозимдагиларни ишдан олиш амалиётини ўтказмоқда. Бу Мао давридан бери кузатилмаган. Масалан, Хитойнинг собиқ раҳбарлари – Ху Цзиньтао ёки Цзян Цзэминь даврида Халқ озодлик армиясининг юқори раҳбариятига нисбатан бирор марта тергов ўтказилмаган. “Bloomberg”га кўра эса, Си Цзиньпин ҳокимият тепасига келганидан буён 13 йил давомида у тайинлаган генералларнинг 17,7 фоизи лавозимидан четлатилган бўлиб, уларнинг деярли барчаси унинг учинчи муддатида, яъни 2022 йил октябрдан кейин амалга оширилган. Натижада Хитойнинг олий ҳарбий органи – Марказий ҳарбий кенгаш таркибида ҳозир атиги тўрт нафар аъзо қолган. Бу Мао давридан кейинги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Си Цзиньпин ҳокимиятни қўлга олганида эса кенгаш таркибида етти киши бўлган.

Очиғини айтганда, Си Цзиньпин даврида амалдорларнинг тез-тез ғойиб бўлишини дат тусига кирди. Собиқ Ташқи ишлар вазири Цинь Ган ва Мудофаа вазири Ли Шанфун сирли ғойиб бўлгани ёки Ғарб ОАВ томонидан ўлдига чиқарилиши бунга мисолдир.

2021-2022 йилларда ХХРнинг АҚШдаги элчиси, 2022 йил 30 декабрдан 2023 йил 25 июльгача Хитой ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритган Цинь Ган лавозимидан четлаштирилгандан сўнг, ёки қийноқлардан сўнг Пекин ҳарбий шифохонасида вафот этгани, ёки бўлмасан ўз жонига қасд қилгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Цинь Ган 2023 йилнинг 25 июнидан бошлаб омма олдида кўриниш бермаган. Аммо у ўз фаолиайтини яна бир ой давом эттирган ва Вьетнам ҳамда Шри-Ланка Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко билан музокаралар ўтказган. 
Орадан бир ой ўтгач, Цинь Ган ишдан бўшатилган ва унинг ўрнига Хитойнинг амалдаги Ташқи ишлар вазири Ван И тайинланган. “Politico” нашри эса Цинь Ганнинг ғойиб бўлиши ва кейинчалик бўшатилиши айнан Руденконинг Пекинга ташрифи билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ва ушбу сафар давомида Россия ТИВ вазири ўринбосари Хитой раиси Си Цзиньпинга Цинь Ган ва бир қанча юқори мартабали зобитларнинг қариндошлари ХХРнинг ядровий сирларини Ғарб давлатлари разведка хизматларига етказаётгани ҳақида маълумот берган. Шундан сўнг, Цинь Ган қийноқлар ёки ўз жонига қасд қилишдан вазфот этган. Тахминларга кўра, у 2023 йилнинг июль ойидаёқ ўлган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, 2023 йилда яна бир мулозим Мудофаа вазири Ли Шанфун ҳам тўсатдан ғойиб бўлганди. У 2023 йил 24 октябрь куни лавозимидан четлаштирилган. Бу вақтгача эса генерал деярли икки ой давомида жамоат жойларида кўриниш бермаган. Шу тариқа Си даврида амалдорларнинг ёқолиб қолиши ва улар оммага бир неча ой кўриниш бермагандан сўнг, улар ҳақида чиқадиган кейинги хабар ўлим ҳақида бўлмоқда. Бу коммунистик руҳдаги сиёсат учун бегона эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг