Россия думаси дунёни Ғазодаги қирғинни тўхтатишга чақирди

Олам

image

Россия давлат думаси Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва бутун дунё мамлакатлари парламентларига мурожаат йўллади.

“Россия Федерацияси давлат думаси депутатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва дунё парламентларига мурожаат қилиб, Исроил-Фаластин ўртасидаги қон тўкилишини ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликни зудлик билан тўхтатишга ҳамда Яқин Шарқда мисли кўрилмаган гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришга чақиради”, дейилади мурожаатда.

Депутатларнинг билдиришича, 17 октябрда Ғазодаги шифохонага ракета ҳужуми уюштирилгани, оқибатда "юзлаб бегуноҳ тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болаларнинг ҳалок бўлган"и фожиа кўламини янада кенгайтирган.

"Асоссиз шафқатсизлик ва номутаносиб куч ишлатиш бир неча минг кишининг ўлимига сабаб бўлди. Сиёсий муаммоларни қуролли йўл билан ҳал қилишнинг ваҳшиёна усуллари бутун дунё бўйлаб минглаб антисемитизм ва исломофобик норозиликларга сабаб бўлди", дейилади ҳужжатда.

Давлат думаси, шунингдек, можаро иштирокчилари томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилишини кескин қоралашини маълум қилган. Гап, хусусан, халқаро шартномалар билан тақиқланган ўқ-дорилардан фойдаланиш, ёппасига портлатишлар, фуқаролик инфратузилмасига, биринчи навбатда, тиббиёт муассасаларига, энергетика ва сув таъминоти объектларига ҳужумлар, тинч аҳолини мажбуран кўчириш ҳақида бормоқда.

Мурожаатда уруш ва инсониятга қарши жиноятларни содир этган айбдорлар жавобгарликка тортилиши ва уларга энг оғир жазо тайинланиши лозимлиги айтилган. Бундан ташқари, депутатлар Қўшма Штатлар бошчилигидаги коллектив Ғарбнинг сиёсатини ахлоқсиз ва узоқ вақт давомида уруш оловини алангалатувчи, деб баҳолаган.

"Давлат думаси депутатлари дунё мамлакатлари парламентарийларини можаро ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, гуманитар йўлакларни ташкил этиш, қурбонлар ва уларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақиради. Биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш орқали Яқин Шарқда чиқажак янги урушни тўхтатамиз ва музокаралар столига қайтамиз”, дейилади ҳужжатда.

Аввалроқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Исроил Ғазодаги Ал-Аҳли шифохонасига уюштирилган ҳужумга алоқаси йўқлигини исботламоқчилиги маълум қилинган эди.


Эслатиб ўтамиз, 18 октябрь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси йиғилишида АҚШ элчиси Мишель Тейлор нутқ сўзлади ва у гапираётганда мажлис бўлаётган залдаги ўнлаб кишилар АҚШдан норозилик рамзи сифатида орқага қараб турди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Фаластин Исроил Россия думаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг