Россия Беларусни ҳимоя қилиш учун ядровий қуролдан фойдаланиши мумкин – Путин
Олам
−
06 Декабрь
3552Россия ва Беларусь ўртасидаги хавфсизлик кафолатлари мавжуд барча кучлардан, жумладан, Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишни назарда тутади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Минскка ташрифи чоғида маълум қилди.
Путиннинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартнома бугун, 6 декабрь куни мамлакатлар раҳбарлари томонидан имзоланади. Россия Президенти мазкур ҳужжат иккала мамлакат хавфсизлигини “ишончли тарзда” ҳимоя қилишини таъкидлади.
Ушбу шартнома мудофаа, суверенитет, мустақиллик ва конституцион тузумни, шунингдек, Иттифоқ давлати ҳудудий яхлитлиги ва ташқи чегараларини ҳимоя қилиш бўйича иттифоқчилик мажбуриятларини белгилайди.
“Бунда мавжуд барча куч ва воситалардан фойдаланиш кўзда тутилган. Гап Россия тактик ядро қуроли ҳақида ҳам бормоқда. Бу қурол Беларусь “президенти” Александр Лукашенко таклифига биноан республика ҳудудида жойлаштирилган. Бу Россия Федерациясининг “Ядровий тийиб туриш”га доир давлат сиёсатининг асосларида аниқ кўрсатилган”, деди Путин.
Маълумот учун, Россия Президенти бугун, 6 декабрь куни Минскка Иттифоқ давлати Олий давлат кенгаши йиғилишида иштирок этиш ва Лукашенко билан учрашиш учун борган. Ушбу тадбир 1999 йилда имзоланган “Иттифоқ давлати тўғрисида”ги шартноманинг 25 йиллигига бағишланган. Мазкур шартнома ягона иқтисодий, ташқи сиёсат, бюджет ва солиқ макони, шунингдек, энергетика, транспорт ва божхона тизимларини бирлаштиришни назарда тутади. Йиғилиш кун тартибидаги мавзулар орасида Россия ва Беларусь умумий мудофаа ҳудудини мустаҳкамлаш ва иттифоқни ривожлантириш масалалари ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь резиденти Александр Лукашенко НАТО мамлакатлари Беларусга ҳужум қилишга қарор қилса, Минск Россия билан тузилган шартнома асосида мамлакатда жойлаштирилган ядро қуролидан фойдаланишини айтганди.
LiveБарчаси