Россия Беларусга қўшинини жойлаштирадими? Лукашенко қатъий жавобини айтди
Олам
−
30 Июль 2021
9934Беларусга Россия ҳарбий базасини жойлаштириш масаласи ҳеч қачон Президентлар даражасида муҳокама қилинмаган. Бу ҳақда Беларусь раҳбари Александр Лукашенко бугун, 30 июль куни ижтимоий-сиёсий вазиятнинг долзарб масалалари бўйича фаоллар билан ўтказилган учрашувда айтиб ўтди.
Лукашенко Ғарб давлатлари сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Беларусь-Россия қўшма ҳарбий машғулотларидан хавотирда эканига эътибор қаратди.
“Буларнинг барини эшитиш кулгили. Улар бизнинг чегараларимиз яқинида қанча машқ ўтказди? Улар Лукашенко Беларусь ҳудудида Россия базаларини жойлаштирмоқчи, деб бизни танқид қилмоқда. Биз улар Европада қанчадан қанча базалар қурганига ҳеч қандай эътироз билдирмадик-ку. Беларусга Россия ҳарбий базасини жойлаштириш масаласи ҳеч қачон Президентлар даражасида муҳокама қилинмаган”, дейди Лукашенко.
Беларусь раҳбарига кўра, аввало замонавий қурол-яроғлар билан бунга эҳтиёж йўқ. Аммо Иттифоқдош мамлакат учун зарур бўлса, дарҳол барча турдаги қуроллар жойлаштирилиши мумкин.
“Агар биз қураётган Иттифоқ давлати хавфсизлиги учун, Беларусь ва Россия хавфсизлиги учун барча Қуролли Кучларни бу эрга барча турдаги қуроллар билан жойлаштириш зарур бўлса, улар дарҳол шу ерга жойлаштирилади. Ҳозир бунга ҳожат йўқ, бизда кучли, бирлашган, ихчам Қуролли Кучлар бор. Биз керак вақтда қисқа муддатда 500 минг кишини қуроллантира оламиз, бу катта куч. Агар камлик қилса, бу ерга Россия Қуролла Кучлари жалб қилинади. Бу ҳеч қачон содир бўлмайди. Аммо зарурат бўлса, биз ўйлаб ўтирмаймиз”, дейди Лукашенко.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди. Ғарб давлатлари Лукашенко ҳокимиятини тан олмаяпти.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси