Россия босқини ҳақидаги ваҳима Украина иқтисодиётига қанчага тушгани айтилди

Олам

image

Украина иқтисодиёти Россиянинг эҳтимолий босқини ҳақидаги хабарлар сабаб ҳар ой 2-3 миллиард доллар йўқотмоқда. Бу ҳақда ТАСС “Халқ хизматчиси” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Давид Арахамияга асосланиб, маълум қилди.

“Одамлар тушуниши керак, Россия босқини ҳақидаги хабарлар мамлакатга ҳар ойда 2-3 миллиард долларга тушмоқда. Шу туфайли биз ташқи бозорлардан қарз ололмаймиз, чунки улар мамлакатга “ақлдан оздирадиган” ставкаларни таклиф қилмоқда. Биз ҳар куни иқтисоднинг йўқотишларини ҳисоблаяпмиз”, дейди Давид Арахамия

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, вазият бир қатор Ғарб давлатлари ўзининг элчихоналарини Киевдан Львовга кўчириш ҳақидаги қарори сабаб янадан оғирлашяпти.

“Улар тушуниши керак: кимдир элчихонани Львовга кўчиришга қарор қилса, бундай янгилик Украина иқтисодиётига бир неча юз миллион долларга тушади”, деб шикоят қилди депутат.

Маълумот учун, январь ойи охирида Украина Президенти Владимир Зеленский ахборот майдонида “Россия босқинининг эҳтимоли борлиги” ҳақидаги хабарлар пайдо бўла бошлаганидан кейин мамлакатдан 12,5 миллиард доллар олиб чиқиб кетилганини айтганди.

Қайд этиш керакки, Россиянинг машғулотлар сабаб Украина билан чегарага қўшин тўплаши сабаб Шарқий Европада инқироз юага келди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.  

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.

Шу фонда АҚШнинг Украинадаги элчихонаси ходимлари Киевдан Львовга кўчирилди. Австралия ва Канада ҳам дипломатик ваколатхоналарини ушбу шаҳарга кўчирмоқчи. 28 дан ортиқ давлат ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина Киев

Баҳолаганлар

319

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг