Рим Папаси Ироқ шиалари раҳнамоси билан учрашди

Олам

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ, Рим Папаси Франциск илк бор Ироқ пойтахти Бағдодга уч кунлик ҳаворийлик ташрифи билан келгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 6 март куни Рим Папаси Франциск Ироқ шиаларининг диний етакчиси Буюк Оятуллоҳ Али Систоний билан папалик тарихидаги биринчи учрашувни ўтказди. Муқаддас Тахт Матбуот хизматининг хабарига кўра, суҳбат шахсий бўлган ва шиа мусулмонларининг маънавий маркази, тўртинчи халифа Али давн этилган Ан-Нажафдаги қароргоҳда бўлиб ўтган. 

Суҳбатда Рим Папаси бутун Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ўрнатиш учун турли динлар ўртасида мулоқот зарурлигини таъкидлаган.

“Учрашув қарийб 40 дақиқа давом этди. Папа Франциск диний жамоалар ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстликнинг Ироқда ҳамда бутун минтақада тинчликка хизмат қиладиган мулоқотни ривожлантириш йўлида муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Понтифик Буюк Оятуллоҳга энг оғир йилларда ҳам ожизларнинг ҳимоясига тургани учун миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга инсон ҳаётининг муқаддаслигини таъкидлаб, Ироқ халқини бирдамликка чақирмоқда”, дейилади Матбуот баёнотида.

Ўз навбатида, Ироқ шиаларининг маънавий етакчиси Яқин Шарқ минтақасида урушлар ва зўравонликларга, шунингдек, фаластинликларга эътибор қаратиб, у ерда яшовчи халқларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаган. 

“Буюк Оятуллоҳ Али Систоний адолатсизлик, қашшоқлик, диний ва интеллектуал таъқиблар, асосий ҳуқуқларнинг бузилиши, урушлар ва зўравонликлар, минтақадаги кўплаб одамларнинг, айниқса, босиб олинган ҳудудлардаги фаластинликларнинг кўчиб кетиши ҳақида гапирди”, дейилади баёнотда. 

Шунингдек, Систоний асосий динлар ва уларнинг раҳбарларининг ушбу фожиаларни енгишда, яъни манфаатдор томонларни, айниқса, таъсир доираси катта бўлган кучларни урушлардан воз кечиш зарурлигига ишонтиришда, шунингдек ўзларининг шахсий манфаатларини инсон ҳуқуқларидан устун қўймасликка чақиришда муҳим роль ўйнашини таъкидлаган. 

Али Систоний, шунингдек, Францискка барча ироқликларнинг тинч ва хафсизликда яшашини истаганидек насронийларнинг ҳам Ироқда яшашига хайрихоҳ эканини таъкидлаган.

Кузатувчилар ушбу учрашувнинг динлараро мулоқот учун тарихий аҳамиятини таъкидламоқда.

Ироқнинг турли сиёсий кучлари тан олган Буюк Оятуллоҳ Али Систоний 2014 йилда халқни “Исломий давлат” (аввалги ИШИД) террорчилик ташкилотига қарши туришга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ироқ Рима Папаси

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг