Рим Папаси илк бор Ироққа ташриф буюрди
Олам
−
05 Март 2021
4237Рим Папаси Франциск, бугун 5 март куни Ироқ пойтахти Бағдодга уч кунлик ҳаворийларнинг ташрифи билан келди. Бу ҳақда “Reuters” нашри ёзмоқда.
Маълум бўлишича, Папа Франциск Ироқнинг пойтахти Бағдодда шиаларнинг маънавий етакчиси буюк Оятуллоҳ Али Систоний билан учрашади ҳамда уруш ва терроризм қурбонлари учун ибодат қилади.
Хабарга кўра, пандемия билан боғлиқ чекловлар ва эҳтиёт чораларига қарамай, Папа Франциск жами 74 кишидан иборат журналистларнинг ҳар бирига алоҳида салом бериш учун кузатувчилар салонига келган.
“Мен карантин қоидаларига бўйсунишим керак, шу сабаб қўл узата олмайман, лекин мен (сиздан – таҳр.) узоқда туришни хоҳламаган бўлар эдим”, дейди Папа Франциск миннатдорчилик билдириб.
Қайд этилишича, Рим Папаси саёҳатнинг барча иштирокчилари каби Ватиканда коронавирусга қарши вакцина билан эмланган. Ушбу тадбир доирасида барча ҳимоя ниқобларида бўлган. Мухбирлар Папа учун китоблар совға қилган. Испаниялик журналист эса понтификга уни қиролликда кутаётган испан болаларининг расмлари туширилган альбомни совға қилган.
Рим Папаси пандемия сабаб давом этган 15 ойлик танаффусдан сўнг илк хорижий сафарни Ироққа амалга оширди. Пандемияга қадар Папа Франциск чет давлатларга ташриф бўйича жуда фаол бўлган. Фақатгина 2019 йилда у 7 дан ортиқ давлатларга ташриф буюрган. Шунингдек Папа Франциск ўша йилда БААга қилган ташрифи орқали Арабистон ярим оролига қадам босган биринчи понтификга айланганди.