Рекламаларда оилавий анъаналарга зид образлардан фойдаланиш тақиқланди
Жамият
−
08 Июнь 2022
6069Рекламада миллий ва оилавий анъаналарга зид бўлган образлардан фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Реклама тўғрисида”ги қонунда келтирилган.
Қонунга кўра, рекламада қуйидагилар тақиқланади:
• мактабгача таълимда ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарларни реклама қилиш;
• нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;
• болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;
• миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш.
Қонунга мувофиқ, вояга етмаганларнинг ишончини ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишдан ҳимоя этиш мақсадида рекламада, жумладан, қуйидагилар тақиқланади:
• хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлигига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишдан фойдаланиш;
• ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш;
• вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
LiveБарчаси