20 дан ортиқ тармоқ фаолларига чора кўрилди
Жамият
−
14:50 954 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда реклама талабларини бузган 20 дан ортиқ канал ва гуруҳ админлари, блогер, вайнер ҳамда бошқа тармоқ фаолларига нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда онлайн ва рақамли маркетинг соҳаси жадал ривожланиб, аҳолининг ижтимоий тармоқлардаги ахборот манбаларига қизиқиши ортиб бормоқда. Бу эса реклама берувчиларнинг оммабоп канал ва платформаларда реклама жойлаштиришга бўлган қизиқишини ҳам кучайтирмоқда.
“Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, рекламани тарқатиш ва уни бошқа ахборотлардан ажратиб кўрсатишга оид талаблар белгиланган. Жумладан, реклама махсус ахборот сифатида реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бозорда бевосита ёки билвосита фойда олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган бўлади.
Шунингдек, рекламани бошқа ахборотлардан “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгиси билан ажратиб жойлаштириш талаб этилади. Агар таҳлилий мақола, шарҳ, фикр ёки мулоҳазада тижорат мақсади кўзланган бўлса, бундай материал ҳам реклама сифатида аниқ белгиланиши лозим.
Бироқ айрим ҳолатларда ахборот тарқатишда ушбу талабларга амал қилинмаётгани, хусусан, оддий ахборот материалидан рекламани ажратиб турувчи тегишли белгилар кўрсатилмаётгани кузатилмоқда.
Маълумот учун, ўтган вақт давомида “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик талаблари бузилгани юзасидан ижтимоий тармоқлардаги 20 дан ортиқ гуруҳ ва канал маъмурлари, блогер, вайнер ҳамда бошқа тармоқ фаолларига нисбатан чора кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ рақобат қўмитаси “Мактаб бозорлари”да савдони амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда сотувчиларни бозорларда сотиаётган дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмасликка чақирган эди.
Live
Барчаси