Реклама қонунчилигини бузган корхона жаримага тортилди
3-саҳифа
−
06 Сентябрь
2406Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан “Marketplace Trading” АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “Marketplace Trading” АЖ томонидан Тошкент шаҳридаги ташқи реклама объектида эълон қилинган “Sello Pay” – пул ўтказмалари учун “0 %” мазмунидаги реклама жойлаштирилгани кузатилган.
Шунингдек, “Marketplace Trading” АЖнинг расмий веб-сайтида “Sello Pay” мобил иловаси орқали пластик карталарга пул ўтказмалари бўйича акция 2024 йил 1 июлдан бошланиши, мазкур акция шартларига кўра идентификациядан ўтган барча фойдаланувчилар учун дастлабки уч ой учун амал қилиши, комиссиясиз ойлик ўтказма суммаси лимити 3 000 000 сўмни ташкил этиши ва ойлик ўтказма суммаси ушбу лимитдан ошиб кетган тақдирда 1% миқдорида ўтказма комиссияси олиниши белгиланган. Аммо, мобил илова пул ўтказмалари рекламасида ушбу акция шартлари тўғрисида муҳим маълумотлар берилмаганлик ҳолатлари аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 16, 21 ва 43 моддалари ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси талаблари бузилиш аломатлари юзасидан “Marketplace Trading” АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида унга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда қарийб 5 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилиши аниқланганди.
LiveБарчаси