“Реал” мавсумни бирорта совринсиз якунлаши мумкин
Спорт
−
10:44 1614 2 дақиқа
Кеча, 10 апрель куни тунда Испания Ла Лигаси 31-туридан ўрин олган “Реал Мадрид” – “Жирона” ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.
Мадридликларнинг устунлигида ўтган баҳснинг 51-дақиқасида Федерико Валверде жарима майдончаси ташқарисидан зарба бериб, жуда чиройли тарзда дарвозани ишғол қилди. Аммо орадан 11 дақиқа ўтиб, меҳмонлар яримҳимоячиси Томас Лемар ҳам жарима майдони ташқарисидан гол киритиб, ҳисобдаги мувозанатни тиклади. Ўйин якунига қадар “Реал” яна кўплаб ҳужумлар уюштирганига қарамай, баҳсда бошқа гол киритилмади.
Шу тариқа мадридликлар ўз очколари сонини 70 тага етказди ва пешқадам “Барселона” билан фарқ олти очкога қисқарди. Аммо каталонияликлар ҳисобида битта заҳира ўйин мавжуд. Агар улар бугун ўз майдонида ҳамшаҳари “Эспаньол”ни мағлуб этса, орадаги фарқ тўққизтага етади.
Шунингдек, “Қироллик клуби”нинг UEFA Чемпионлар лигасидаги ишлари ҳам ҳавас қиларли эмас. Жамоа 15 апрель куни чорак финал жавоб ўйини доирасида Мюнхенга сафар қилади ва “Бавария”га қарши баҳсда ярим финалга чиқиш учун биринчи ўйиндаги 1:2 ҳисобидаги фарқни йўққа чиқариши керак бўлади.
Агар ушбу баҳсда “Реал” ижобий натижа қайд эта олмаса, жамоа катта эҳтимол билан мавсумни совринсиз якунлайди. Сабаби, La Liga’да ҳам жамоа деярли чемпионлик курашидан чиқиб кетди. Чунки энди “Барселона”нинг қолган етти турнинг камида тўрттасида йирик ҳисобларда мағлуб бўлиши амалда эҳтимоли жуда паст.
Маълумот ўрнида, “Реал” январь ойида Испания Суперкубоги финалида “Барселона”га (2:3) мағлуб бўлган эди. Шунингдек, Испания кубоги 1/8 финалида қуйи лига вакили Альбасетега (2:3) сенсацион тарзда ютқазиб, турнирни эрта тарк этган.
Рамазон Усанов
Live
Барчаси