Расмий Тошкент Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги рейтингида орқага кетишига муносабат билдирди
Жамият
−
11 Май
8260Жорий йилнинг май ойи бошида “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги янги рейтингда 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади. Бу Ўзбекистон 2023 йилги рейтингдаги ўрнидан 11 поғона пастлаганини англатади. Бугунгача расмий Тошкент рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни пастлашига муносабат билдирмай келаётганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари Комил Алламжонов ниҳоят рейтингда мамлакатнинг ўрни пасайишига муносабат билдирди.
“Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши, журналист ёки блогерман деб турли ноқонуний ҳаракатлар, шантаж, фирибгарлик ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида жабр кўрган фуқаролар сони ортиб кетишига сабабчи бўламиз. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди, деб ўйлайман”, деб ёзди Комил Алламжонов ўзининг Telegram-каналида.
Кеча, 10 май куни Алламжонов нодавлат телеканаллар вакиллари билан учрашув ўтказган. Унда сўз эркинлиги, миллий контент ва болалар учун сифатли медиа маҳсулотларни яратиш масалалари муҳокама қилинган. Амалдорнинг қайд этишича, Президент Мирзиёевнинг матбуот ва сўз эркинлиги борасидаги позицияси қатъий. Учрашувда очиқлик сиёсатисиз тараққиётга эришиш қийинлиги урғуланган.
“Ривожланиш ҳеч қачон силлиқ бўлмайди. Ўйин қоидаси аниқ-равшан ва ҳамма учун тенг бўлсагина, ривожланиш бўлади. Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи. Матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим. Демак, ортга йўл йўқ – бу аниқ. Фақат олдинга. Олдинга – ҳуқуқ, меъёр ва қонун доирасида, олдинга”, деб ёзган Алламжонов.
У сўзида давом этаркан, ҳали яна кўп муаммолар бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб, буни табиий жараён деб атаган.
“Лекин бу муаммолар биз бошлаган ислоҳотларга соя солмаслиги керак. Чунки бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофаа, хавфсизлик масаласи даражасидаги институтдир”, дейди у.
Маълумот учун, “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилотининг ҳисоботида Ўзбекистон тўқ қизил рангда тасвирланган, яъни матбуот ва сўз эркинлиги “жуда жиддий” ҳолатдаги давлатлар қаторидан ўрин олган. Ҳисоботда 2024 йилдан бугунги кунга қадар 4 нафар журналист ҳибсга олингани келтирилган. Расмийлар оммавий ахборот воситаларига қарши репрессив қонунларни тугатиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳали амалга оширмаган. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган.
Шунингдек, ташкилот дунёдаги вазиятга ҳам баҳо бериб ўтган. Билдирилишича, Халқаро миқёсда бу йил журналистларни ҳимоя қилиш тамойилларини, хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2222-резолюциясини амалга оширишда халқаро ҳамжамият томонидан сиёсий ирода йўқлиги билан ажралиб туради. Ғазодаги уруш 2023 йил октябрь ойидан бери журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан рекорд даражадаги қонунбузарликлар билан қайд этилган.
100 дан ортиқ фаластинлик мухбирлар Исроил мудофаа кучлари томонидан ўлдирилган, қотилликларнинг камида 22 нафари иш пайтида содир бўлган.
Ишғол қилинган ва Исроилнинг доимий бомбардимонлари остида бўлган Фаластин 2024 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги индексида 180 мамлакат ва ҳудудлар орасида 157-ўринни эгаллади, аммо журналистлар хавфсизлиги бўйича охирги 10 ўриндан жой олди.
LiveБарчаси