Расман: Саидов Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланди
Жамият
−
25 Апрель 2023
7400Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Бахтиёр Одилович Саидов Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ Бахтиёр Саидовнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
У 2022 йил 30 декабрдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланган эди.
Бахтиёр Одилович Саидов 1981 йил Самарқандда туғилган. 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ишлаган. 2016 йил январь ойида “Ўзбекенгилсаноат” АК бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, бош менежери сифатида фаолият юритган. 2017 йил 26 июлдан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси бўлиб ишлаган. 2018 йил 4 апрелдан у бир вақтнинг ўзида Мўғулистондаги элчи, 2019 йил июль ойида қароргоҳи Пекинда бўлган Ўзбекистоннинг Филиппиндаги элчиси бўлиб ҳам ишлаган. 2021 йилдан 2022 йил сўнггига қадар Саидов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири сифатида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Саидовдан аввалги Ташқи ишлар вазири Владимир Имомович Норов ушбу лавозимдан кетгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 30 декабрдаги фармойиши билан Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланганди.
LiveБарчаси