Расман! Нагельсманн Германия терма жамоасидан кетди

Спорт

image

Германия миллий терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Германия футбол ассоциацияси (DFB) матбуот хизмати хабар қилди.

“Жамоа Жаҳон чемпионатини тарк этганидан кейин кўп ўйладим. Шунингдек, шахсан ўзим ҳам, федерациядаги ишончли инсонлар билан ҳам маслаҳатлашдим. Бу қарорни қабул қилиш осон бўлмади. Мен учун доимо энг муҳим нарса жамоанинг муваффақияти бўлган. Бундай оғир мағлубиятдан кейин жамоа янги саҳифадан бошлаш имкониятига лойиқ, деб ҳисоблайман. Мураббийлар штабига, ёрдамчи ходимларга, федерациядаги барча ҳамкасбларимга, айниқса, бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Мухлисларга ҳам алоҳида раҳмат. Сизлар бизга доим ишондингиз, энг қийин паллаларда ҳам қўллаб-қувватладингиз ва куч бағишладингиз. Бу Жаҳон чемпионатида сизларга янада унутилмас футбол оқшомларини тақдим эта олмаганимиздан чин дилдан афсусдаман. Сизлар бундан ҳам яхшироғига муносиб эдингиз”, дейди Нагельсманн.

Аввалроқ, Германия миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати 1/16 финалида Парагвайга мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этгани хабар қилинган эди. Асосий ва қўшимча вақт 1:1 ҳисобида якунланган учрашувда Парагвай пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган.

Маълумот учун, 38 ёшли Нагельсманн Германия терма жамоаси бош мураббийи этиб 2023 йил сентябрида тайинланган эди. Унинг қўл остида Германия 2024 йилги Европа чемпионатининг чорак финалига қадар етиб борди. Бунга қадар у “Бавария”, “Лейпциг” ва “Хоффенхайм” клубларини бошқарган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ливерпуль”нинг собиқ бош мураббийи Юрген Клопп Германия терма жамоаси бош мураббийлиги учун асосий номзодлардан бири сифатида кўрилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг