Раисийнинг вафоти муносабати билан қайси давлатларда мотам эълон қилинди?

Олам

image

Дунёнинг камида саккиз давлати Эрон Президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган делегациянинг вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан мотам эълон қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу давлатлар Ҳиндистон, Ироқ, Ливан, Покистон, Сурия, Тожикистон, Туркиядир.

“Кўпчилик мамлакатларда бир кунлик мотам эълон қилинган, фақат Сурия ва Ливанда уч кун, Тожикистонда эса икки кун давом этади. Ислом республикасида мотам тадбирлари беш кун бўлади”, деб ёзади нашр.

Тожикистонда мамлакатдаги барча давлат радио ва телевидениеларига икки кун давомида кўнгилочар кўрсатувлар кўрсатмаслик бўйича кўрсатмалар берилган.

“Бу Тожикистон ҳукумати ва аҳолисининг дўст Эрон халқига ҳамдардлик белгисидир”, дейди республика Радио ва телевидение қўмитаси раҳбари Нуриддин Саид.

Тожикистонда мотам эълон қилингани ҳақида расмий хабар берилмаган.

Шунингдек, Раисий вафоти муносабати билан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған халққа мурожаат қилди.

Унда у "Эрон халқининг дардига шерик бўлиш" учун мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилган.

“Ҳукумат йиғилишида Эрон халқи бошдан кечираётган чуқур дардни баҳам кўриш учун мамлакатимизда миллий мотам куни эълон қилишга қарор қилдик”, дейди Эрдўған халққа мурожаатида.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам мамлакатда мотам эълон қилди.

Ҳиндистонда эса Ички ишлар вазирлиги томонидан расмий баёнот эълон қилинди. Унда 21 май куни бутун мамлакат бўйлаб байроқлар туширилиши ва барча оммавий тадбирлар бекор қилиниши айтилди.

“Биз биродарларимиз, Эрон халқи ва раҳбарияти билан ушбу оғир дамларда бирдаммиз ва Президент Раисий, Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва улар билан бирга бўлганларнинг ҳаётига зомин бўлган фожиали офатдан кейин уларнинг қайғу ва дардини баҳам кўрамиз. Ироқ ҳукумати сешанба кунини бутун мамлакат бўйлаб мотам куни деб эълон қилди”, дейди Ироқ ҳукумати вакили Басим ал-Авадий.

Суриянинг SANA агентлигининг хабар беришича, мамлакат ҳукумати ҳалокатга учраган вертолётда Раисий ва унинг ҳамроҳлари ҳалок бўлгани муносабати билан уч кунлик умумий мотам эълон қилган.

“Сурия байроқлари хориждаги барча элчихоналарда ярмига туширилади”, дейилади агентлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.

Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.

Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

мотам Иброҳим Раисий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг