Раисийнинг фожиавий вафоти бўйича дастлабки хулосалар эълон қилинди
Олам
−
25 Май
36939Эрон Қуролли кучлари Бош штаби Президент Иброҳим Раисий бўлган вертолёт ҳалокатини тергов қилувчи қўмитанинг дастлабки ҳисоботини эълон қилди.
Ҳужжатда айтилишича, вертолёт режалаштирилган йўналиш бўйича бўлган ва белгиланган парвоз йўлидан чиқмаган. Ҳалокатдан тахминан бир ярим дақиқа олдин учувчи яна иккита вертолёт учувчилари билан боғланган ва улар суҳбатида шубҳали ҳеч нарса сезилмаган. Ҳалокатга учраган вертолёт қолдиқларида ўқ излари ёки бошқа ташқи таъсирлар топилмаган, у тоғ билан тўқнашган ва ёниб кетган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда. Қўмита таъкидлаганидек, баъзи тафсилотларни ўрганиш учун кўпроқ вақт талаб этилади.
Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган.
Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди.
LiveБарчаси