Ҳукуматнинг янги қарори: ҳайдовчилар учун янгилик ва енгилликлар
Таҳлил
−
17 Май 23337 3 дақиқа
15 майда қабул қилинган Ҳукумат қарорига кўра, 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босганлик учун радар орқали жарима қўлланилмайди (тўхташ чизиғи – “стоп-линия”бундан мустасно). Аммо агар ҳолат ЙПХ ходими томонидан аниқланганда, қоидабузарлик ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади. Шунингдек, мазкур қарорда таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш ишлари соат 07.00 дан 21.00 га қадар амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда. Маълумот учун, дам олиш кунлари ва кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно. Шунингдек, ҳукуматнинг “Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 318-сонли қарорида радардан огоҳлантирувчи йўл белгилари, темир йўл кесишмаларига эса бошқарилувчи светофорлар ўрнатилиши каби бир қанча ўзгаришлар кўзда тутилган.
Радар олдидан белги қўйилади ва заруратсиз йўл белгилари демонтаж қилинади

1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда мажбурий равишда “Радар” йўл белгиси ўрнатилади.
Бундан ташқари, соат 23:00 дан 06:00 га қадар йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади.

Автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни “А” ҳарфли тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ҳозирда тақиқланган. Соат 23:00 дан бошлаб деярли барча автобус йўналишлари ўз ишини тугатишини ҳисобга олиб ҳамда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида бошқа транспорт воситаларининг тунги пайтда, соат 6:00 га қадар ушбу тасмаларда ҳаракатланиши мумкин бўлади ва бу қоидабузарлик ҳисобланмайди.

Қарорда “Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгиларининг ўрнатилишининг мақсадга мувофиқлиги тўлиқ қайта кўриб чиқилиши белгиланган. Зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган йўл белгилари демонтаж қилинади, уларнинг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади.
Шу белгиларда кўрсатилган амал қилиш вақтидан ташқари пайтда транспорт воситаларининг тегишлича тўхташи ҳамда тўхтаб туришига рухсат берилади. Масалан, “Тўхтаб туриш тақиқланган” белгисининг тагида амал қилиш вақти соат “7:00 – 21:00” деб кўрсатилган бўлса, транспорт воситалари ушбу белги ҳудудида соат 21:00 дан 7:00 га қадар бемалол тўхтаб туриши мумкин бўлади.
Темирйўлларга светофор қўйилади
Бугунги кунда йўллардан кесиб ўтувчи айрим темир йўлларда ҳафта ёки кун давомида вагонлар ҳаракатланмаса-да, ҳайдовчилар белги олдида тўхташга мажбур ва натижада узун тирбандликлар юзага келмоқда.
Масалан, Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли кўчаси (кўприк олдида), Чўпонота ва Шота Руставели кўчалари кесишмаси, Кичик ҳалқа йўли (Қушбеги) сингари йирик йўлларда зарурат бўлмаса-да, ҳайдовчилар тўхташга мажбур.
“Шу муносабат билан қарор билан автомобиль йўлларидан ўтган айрим темир йўл кесишмаларида “Стоп” белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилиши белгиланди”, дейди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Шунингдек, қарорга мувофиқ:
ИИВ томонидан 2025 йил якунига қадар чорраҳа ва йўллардаги барча махсус техника воситалари тўлиқ хатловдан ўтказилади;
-
хатлов натижалари бўйича ўзбошимчалик билан ёки белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда ўрнатилган, техник ва стандарт талабларига жавоб бермайдиган техника воситалари демонтаж қилинади;
-
ҳайдовчилар томонидан тезликни ошириш ҳолатлари кўплаб кузатилаётган ҳудудларда автомашиналарнинг айни вақтдаги тезлигини кўрсатиб огоҳлантирувчи электрон таблолар ўрнатилади;
-
тадбиркорларнинг махсус техника воситаларидан фойдаланишда шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда Йўл ҳаракати қоидалари билан белгиланган тезлик чегарасини дам олиш кунлари, таътил даврлари ва 19:00 дан 07:00 га вақт оралиғида ушбу аҳоли пункти учун рухсат этилган умумий тезлик чегарасигача ошириб ҳаракатланишга рухсат берилади.
Асадовнинг таъкидлашича, президент топшириғига мувофиқ маъмурий жазолар тизимига янги “маъмурий огоҳлантириш” таъсир чорасини киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лойиҳага кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ айрим енгил турдаги ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахсларга ДПХ инспектори томонидан огоҳлантириш берилади. Огоҳлантириш бир йил ичида фақат бир маротаба берилиши мумкин.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь