Путиннинг ташриф қоғози аукционга қўйилди
Олам
−
17 Декабрь 2023
11933Россия Президенти Владимир Путиннинг 1990-йилларда халқ депутатлари Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳар кенгашида ишлаган давридаги ташриф қоғози кимошди савдосида сотувга қўйилди. Визитка учун энг юқори таклиф 2,8 минг рублни ташкил этмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
"Владимир Владимирович Путиннинг ташриф қоғози. Унда телефон рақамлар ёзилган. 1990-йиллар", дейилади лот картасида (аукцион ҳақида асосий маълумотлар келтирилган электрон платформа саҳифаси).
Визитканинг фотосуратида Путиннинг ўша пайтдаги лавозими кўрсатилган: халқ депутатлари Ленинград шаҳар кенгаши раисининг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси.
Путиннинг ташриф қоғозининг бошланғич баҳоси минг рубль миқдорида белгиланган, ҳозирги вақтда у максимал таклиф 2,8 минг рублни ташкил қилмоқда.
Маълумотларга кўра, аукцион 24 декабрь куни бўлиб ўтади.
Қайд этиш жоизки, бу Путиннинг ташриф қоғозлари биринчи марта сотувга қўйилиши эмас. 2019 йил октябрь ойида ҳам ихтисослаштирилган интернет-ресурслардан бирида Путин Санкт-Петербург мериясининг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган пайтидаги ташриф қоғози 2 миллион рублга сотувга қўйилган. Путин бу лавозимда 1991 йилдан 1996 йилгача ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирларида Британиянинг марҳум қироличаси Елизавета II га тегишли Jaguar автомобили ҳам кимошди савдосига қўйилган эди.