Путинга яқин яна бир олигархнинг яхтаси ҳибсга олинди 

Олам

image

Испания ҳукумати россиялик олигархнинг Барселона портида жойлашган 140 миллион долларлик яхтасини ҳибсга олди. Ҳашаматли кема “Ростех” раҳбари, Россия Президенти Владимир Путинга яқин ҳисобланган Сергей Чемезовга тегишли. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.  

“Бугун биз асосий олигархлардан бирига тегишли яхтани қўлга олдик. Гап бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, нархи 140 миллион долларни ташкил этувчи яхта ҳақида кетмоқда”, деган Испания Бош вазири Педро Санчес. 

У яна бошқа кемаларни ҳам ҳибсга олиш режалаштирилаётганини қўшимча қилган, бироқ тафсилотларни келтирмаган. 

“Marine Traffic” мониторинг веб-сайтига кўра, қўлга олинган яхта жорий йилнинг 9 февралидан бери таъмирлаш учун Барселонада бўлган. Маълум қилинишича, 85 метрли “Валерия” яхтаси “Ростех” давлат корпорациясини бошқарган собиқ СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси офицери Сергей Чемезовга тегишли. 

Кема Сент-Винсент ва Гренадин байроғи остида сузиб юради. Қайд этилишича, кема Британия Виржиния ороллари компанияси орқали Чемезовнинг ўгай қизи Анастасия Игнатова номига рўйхатдан ўтган. 

Испания ҳукуматидаги манбанинг маълум қилишича, яхта испан ҳукумати унинг эгалигини ва санкциялар рўйхатида бор-йўқлигини тасдиқламагунча ҳибсда қолади. 

Таъкидланишича, Чемезов Россия санкцияларга қарамай, Украинага қарши урушда “ғолиб” сифатида чиқишини айтган. 

Чемезовга қарши санкциялар 

Чемезов 2014 йилда АҚШ ва 2020 йилда Буюк Британия томонидан Россиянинг Қримни аннексия қилгани учун санкцияга учраган, шу ойда эса АҚШ ва Австралия уни санкциялар рўйхатига киритган. АҚШ санкциялари Чемезовнинг ўгай қизи, шунингдек, унинг хотини ва ўғлига қарши қаратилган. 

Олигарх Европанинг сўнгги санкциялар рўйхатига киритилмаган, аммо ЕИ 2014 йилда унга қарши чоралар кўрган. 

Аввалроқ, Италия Молия гвардияси санкциялар остида қолган россиялик миллиардер Андрей Мельниченкога тегишли яхтани ҳибсга олгани ҳақида хабар бергандик. 

Бундан аввал, Италия ҳуқуқ-тартибот идоралари Алексей Мордашов ва Геннадий Тимченконинг яхталарини мусодара қилгани ҳақида хабар берган. Маълумотларга кўра, Мордашовга тегишли “Lady M” яхтаси Империя портида, Тимченкога тегишли “Lena” яхтаси эса Сан-Ремода қўлга олинган. Иккала тадбиркор ҳам Россиянинг Украинага ҳужуми муносабати билан қабул қилинган Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган. 

Бунгача Германия расмийлари Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган россиялик миллиардер Алишер Усмоновдан 156 метрлик яхтани мусодара қилгани ҳақида айтилганди. Аммо маълумот кейинроқ инкор этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Испания яхта

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг