Путин жиноятчи эмас – Орбан
Олам
−
27 Июнь 2023
13092Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Россия Президенти Владимир Путинни ҳарбий жиноятчи деб ҳисобламаслигини айтди. Бу ҳақда у Германиянинг “Bild” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Россия раҳбарини ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарорини изоҳлар экан Виктор Орбан уруш жиноятлари ҳақида уруш тугагандан кейингина гапириш мумкин эканини айтган.
“Агар сулҳ ва музокараларга эришмоқчи бўлсак, можаронинг бир қисми бўлганларни музокара столига ўтиришга кўндиришимиз керак. Улардан музокаралар столига ўтиришни сўраш ва “стол олдига келинглар, мен сизни ҳибсга оламан” дейиш яхши фикр эмас”, деган Венгрия Бош вазири.
Шунингдек, Венгрия Бош вазиридан унинг ҳукумати Путин мамлакатга келган тақдирда ХЖС қарорини амалга ошириш ёки оширмаслиги ҳам сўралган. Виктор Орбан эса Россия Президентининг тегишли режалари ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган.
"Бу ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ фараз", деган Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. Кремль ХЖС қарорини қонун нуқтаи назаридан аҳамиятсиз деб атаган ва Россияда ХЖС прокурори ва судьяларига нисбатан иш очилганди. Шунингдек, Венгрия, Қозоғистон ва Арманистонда ҳам Путин ҳибсга олинмаслиги маълум қилинганди.
LiveБарчаси