Путин вақтни чўзиш стратегиясини қўллаяпти – Мерц

Олам

image

Германия канцлери Фридрих Мерц Россия Украина бўйича музокараларда вақтни чўзиш стратегиясини қўллаётганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 26 август куни Берлинда Канада Бош вазири Марк Карни билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида сўз очди.

Унга кўра, Москва Владимир Путин ва Владимир Зеленский учрашувини олдиндан белгиланган шартларга боғлаб, уни имконсиз ҳолатга келтирмоқда. Мерц бундай талабларни Германия ҳам, Украина ҳам мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблашини таъкидлаган. 

АҚШ Президенти Дональд Трамп Аляскада Путин билан, кейинроқ эса Вашингтонда Зеленский ва Европа етакчилари билан учрашгач, икки ҳафта ичида Путин ва Зеленскийнинг юзма-юз учрашуви бўлиб ўтиши мумкинлигини билдирганди. Аммо бу муддат якунига етмоқда. Мерцнинг фикрича, агар Россия зарур қадам ташламаса, Ғарб янги босим чораларини қўллаши лозим. Унга кўра, Европа Иттифоқи аллақачон Россияга қарши навбатдаги санкцияларни тайёрламоқда.

Марк Карни ҳам Путиннинг Зеленский билан учрашувдан қочаётганини айтиб, бу жараённи атайлаб чўзаётганини билдирган. У Канаданинг Украина тинчлиги ва хавфсизлигига ўз ҳиссасини қўшишини, лекин бунинг учун Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ва Украинага ҳарбий ёрдамни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, унинг фикрича, муҳим омиллардан яна бири ишончли хавфсизлик кафолатлари бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль ҳам Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, Украина бўйича музокараларни чўзмасликни талаб қилганди ва акс ҳолда Москвага нисбатан янги санкциялар жорий этилиши ҳақида огоҳлантирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Россия Украина Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг