Путин узоқроқ яшамоқчи. Унга “абадий ҳаёт эликсири” пайдо бўлиши айтилди
Олам
−
20 Ноябрь 2025 5701 3 дақиқа
Россиялик тадбиркор Герман Греф Россия Президенти Владимир Путинга 6-7 йил ичида “абадий ҳаёт эликсири” пайдо бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 19 ноябрь куни “Сунъий интеллект оламига саёҳат” конференциясида Путин билан мулоқот давомида сўз очган.
“Одамлар 6-7 йил ичида, яъни тахминан 2032 йилда абадий яшаш имконини қўлга киритиш имкониятига эга бўлишлари мумкин”, дейди Греф.
Банкир буни америкалик футурист Рэймонд Курцвейлнинг шартли “абадийлик эликсири” ҳақидаги қараши сифатида қайта гапириб берган.
Грефнинг айтишича, 6-7 йил ичида – “тахминан 2032 йилда” ўша пайтгача ҳаётда қолган одамлар нафақат 100 йил ва ундан кўпроқ яшаш имконига, балки “абадийликка” эришиш имкониятига эга бўлади.
“Унинг (Курцвейлнинг) сўнгги прогнозига кўра, бу 2030-2035 йиллар оралиғида содир бўлади”, дейди Сбербанк раҳбари.
Футуристнинг ўзи бунгача сунъий интеллект технологиялари ёрдамида радикал умр узайиши содир бўлиши мумкинлигини айтган. Россия Президенти Греф кўтарган мавзуни қўллаб, Россияда ўртача умр кўришни 150 ёшга етказиш мумкинлигини билдирган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, жорий йилнинг сентябрь ойида Пекиндаги ҳарбий парад вақтида Путин Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан ўзи узоқ вақтдан бери қизиқиб келаётган организмни ёшартириш мавзусида, замонавий технологиялар ва орган кўчириб ўтказиш орқали потенциал абадийлик масаласини муҳокама қилган. Ўшанда Хитой раҳбари “илгари одамлар 70 ёшга зўрға етарди, ҳозир эса бу ёшдаги инсон ҳамон “бола”, деган. Путин эса биотехнологиялар ва орган трансплантацияси келажакда одамни абадийликка яқинлаштириши мумкинлигини айтган. Си эса “150 ёшгача яшаш имконияти асрнинг ўзида пайдо бўлиши мумкин”лигини таъкидлаган.
Россия Президенти Хитойдан қайтгач, “Сириус” лаборатория мажмуасига ташриф буюрган ва у ерда унга “ёшартирувчи қулупнай” намойиш этилган. Кейинроқ у матбуот билан суҳбатда технологиялар тараққиёти туфайли келажакда одамлар 150 ёшгача яшай олишига ишонч билдирган.
“Замонавий соғломлаштириш воситалари, тиббиёт, жумладан органларни алмаштириш бўйича жарроҳлик амалиётлари фаол ҳаётни бугунгидан анча узоқ давом эттиришга умид беради”, деган ўшанда у.
“The Times”нинг ёзишича, ўтган йил сентябрь ойида Россиянинг юқори лавозимли амалдорларидан бири олимларга қариш билан курашиш бўйича тадқиқотларни тезлаштириш топшириғини берган. Нашр маълумотига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги институтлардан ҳужайраларнинг қаришига қарши кураш, когнитив бузилишлар, остеопороз ва иммунитетни мустаҳкамлаш усуллари устидаги ишлар ҳақида ҳисобот талаб қилган.
Бу ишни Путиннинг яқин дўсти, 77 ёшли Курчатов институти раҳбари Михаил Ковальчук назорат қилади. У параллел равишда генетика соҳасидаги давлат тадқиқот дастурига ҳам раҳбарлик қилади. Дастурда Россия Президентининг катта қизи Мария Воронцова ҳам иштирок этмоқда.
Live
Барчаси