Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди
Жамият
−
28 Май
10467Бугун, 28 май куни Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга 3 кунлик ташрифдан сўнг Москвага учиб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент халқаро аэропортида Президент Владимир Путинни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. Давлат раҳбарлари самимий хайрлашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи доирасида қатор қўшма тадбирлар бўлиб ўтди.26 май куни давлат раҳбарлари биргаликда "Янги Ўзбекистон" мажмуасига ташриф буюрди, Россия раҳбари Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
27 май куни тор ва кенгайтирилган таркибда олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди, улар давомида Президентлар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилди, делегациялар аъзоларининг асосий йўналишлар бўйича ҳисоботларини тинглади, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашди.
Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти имзоланди, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар алмашилди.
Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Владимир Путин Ғалаба боғига ташриф буюриб, "Матонат мадҳияси" монументи пойига гулчамбар қўйди ва Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи музей билан танишди.
Ўша куни Президентлар раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, унда ҳудудлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва уни янги амалий мазмун билан бойитиш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Президент Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни уйига таклиф қилгани, улар эрталабки соат учгача гаплашганини айтганди.
LiveБарчаси