Путин Туркманистонга борди. У Тўқаевдан бошқа уч давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказмоқчи
Олам
−
29 Июнь 2022
20818Россия Президенти Владимир Путин Тожикистонга ташрифини якунлаб, бугун, 29 июнь куни Туркманистонга келди. У бугун Ашхободда бўлиб ўтадиган Каспий саммитида иштирок этади ва Каспий “бешлиги”даги давлатлар – Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Аэропортда Россия давлати раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов кутиб олди.
Саммитда давлат раҳбарлари Каспий минтақасидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар юзасидан фикр алмашиши, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга эътибор қаратишлари кутилмоқда.
Бундан ташқари, Путин Ашхободда бир неча икки томонлама учрашувлар ўтказади. Режаларга кўра, у Туркманистоннинг собиқ президенти, ҳозирги парламент юқори палатаси спикери Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 ёшга тўлиши билан табриклаш учун бориши кутилмоқда. Бироздан кейин Россия раҳбарининг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан қисқача суҳбати режалаштирилган.
Бу учрашувлар Каспий саммити олдидан бўлиб ўтади ва у якунлангач, Путин Озарбайжон ва Эрон раҳбарлари – Илҳом Алиев ва Иброҳим Раиси билан ҳам алоҳида гаплашади. Тадбирда иштирок этиш учун Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Ашхободга келган. Аммо Путин Тўқаев билан учрашув ўтказмоқчи эмас.
Кечқурун Путин Москвага қайтади. Эртага Москвада Индонезия Президенти Жоко Видодо билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь