Путин Раҳмонга минглаб тожикистонликлар Россияда ишлаётганини эслатиб қўйди

Олам 31663
image

Россия Президенти Владимир Путин сўнгги уч йил ичида биринчи марта амалий ташриф билан Тожикистонга келди. “Россия-24” телеканали намойиш этган кадрларга кўра, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия давлати раҳбарини самолёт трапи олдида кутиб олган. 

Президентлар яккама-якка учрашув ўтказди. 

“Россия Тожикистоннинг муҳим стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори ривожланиш динамикасига эга”, деган Раҳмон Путинга юксак илтифот билан.

Тожикистон раҳбарига кўра, Москва Душанбенинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг беш ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 50 фоизга ўсган.  

“Мен сиз билан алоқаларимиз ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратган ҳолда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман”, деган Тожикистон Президенти. 

Владимир Путин Тожикистонга келганидан хурсандлигини ифода этаркан, Москва ва Душанбе муносабатлари жуда чуқур, ишончли, иттифоқчи характерга эга эканини қайд этган. Шунингдек, у асосий мавзуларга ўтишдан аввал, минглаб тожикистонликлар Россияда ишлаётганини эслатиб, шундай деди:. 

“Биласизми, биз Россияда ишлаётган Тожикистон фуқаролари учун энг қулай режимни жорий қилганмиз ва сиз ҳамиша шахсий учрашувларимизда шу масалаларни кўтариб келасиз. Бугун айтиш мумкинки, бу инсонлар мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшмоқда ва ана шундай инсоний “кўприк”, Россия ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик кўпригидир”. 

Шундан сўнг, у Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида ҳарбий ҳамкорликка тўхталиб, Афғонистондаги вазият ҳақида сўз очган. Афғонистондаги барча этник гуруҳлар билан алоқаси борлигини урғулаган.

“КХШТ доирасида ҳам, икки томонлама муносабатларимиз доирасида ҳам, сўзнинг минтақавий маъносида хавфсизлик масалалари, албатта, бизнинг эътиборимиз марказида бўлиши керак ва бўлади. 

Мен сизга Россия учун энг катта қизиқиш уйғотадиган ва жуда нозик масалалар ҳақида қисқача маълумот бераман, буни сиз яхши биласиз. 

Ўз навбатида, қўшни давлатда, Афғонистонда муносабатлар қандай ривожланаётгани ҳақидаги фикрингизни эшитишдан хурсанд бўламан ва бу мени қизиқтиради. 

Биласизми, биз бу мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун ҳамма нарсани қиляпмиз. Биз вазиятни назорат қилаётган сиёсий кучлар билан муносабатларни ўрнатишга ҳаракат қилмоқдамиз, лекин Афғонистонда вакиллик қилаётган барча этник гуруҳлар, аввалроқ айтилганидек, мамлакат бошқарувида тўлиқ иштирок этиши кераклигидан келиб чиқамиз. Шу нуқтаи назардан биз ишлашда давом этамиз. 

Бу мамлакатдаги барча сиёсий кучлар билан алоқаларимиз бор. Яқинда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Афғонистоннинг вакиллик делегацияси бўлди”, дейди Путин. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1013
Рейтинг: 3
t
×