“Путин сизни тушликка паққос туширади”. Ҳаррис Трампга
Олам
−
11 Сентябрь
12620АҚШ президентлигига номзодлар – республикачи Дональд Трамп ва мамлакатнинг амалдаги вице-президенти, демократ Камола Ҳаррис сайловдаги илк теледебатни ўтказди. Улар 11 сентябрга ўтар кечаси ABC телеканалида мунозара олиб борди.
Миграция сиёсати, ишсизликка қарши кураш, инфляция ва Украинадаги уруш АҚШ президентлигига номзодлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мавзулардан фақат бир қисми бўлиб, иштирокчилар ўзаро танқидларни четлаб ўтмади ва доимий равишда бир-бирини ёлғончиликда айблади.
Ҳарриснинг сўзларига кўра, Трамп уни ва ҳозирги давлат раҳбари Жо Байденни “Буюк Депрессиядан кейинги энг ёмон ишсизлик” билан қолдирган. Бундан ташқари, собиқ президент “асрнинг энг ёмон пандемияси” ва “фуқаролар урушидан бери Америка демократиясига қилинган энг жиддий ҳужум” учун жавобгардир. Сўнгги ҳолатда Камола Ҳаррис 2020 йилги сайловлардаги ғалабаси ундан ўғирланган деб ҳисоблаган Трамп тарафдорлари томонидан АҚШ Конгресси биносига бостириб киришини назарда тутган.
11 сентябрга ўтар кечаси бўлиб ўтган мунозара чоғида Трамп ўзининг бу сайловда мағлуб бўлгани ҳақидаги сўзлари “сарказм билан” айтилганини билдирди. Бироқ тўғридан тўғри бошловчилар томонидан сўралганда, у яна 2020 йилги сайловлардаги мағлубиятини тан олишдан бош тортди.
Россиянинг Украинага қарши уруши мавзуси, шунингдек, Вашингтон уни тўхтатиш учун қандай чоралар кўраётгани баҳсда ҳал қилувчи бўлмаса-да, номзодлар томонидан ҳам кўтарилди.
Украинада уруш
Дональд Трамп Жо Байден Россия Президенти Владимир Путин билан “қандай гаплашиш ва Украинадаги урушни қандай тугатиш ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини” айтди.
“Ҳозир эса сизда миллионлаб ўлганлар бор ва вазият ёмонлашмоқда”, дейди Трамп.
“Сиз Жо Байденга қарши эмассиз. Менга қарши курашяпсиз”, деб жавоб қайтарди Ҳаррис.
Муҳокама чоғида Трамп шундай деди:
“Буни унутманг: у – Байден. У Байдендан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда ва “Мен бу жанобни танимайман”, деяпти. Лекин у – Байден”.
Бунга жавобан, Ҳаррис кулиб таъкидлади:
“Мен, албатта, Жо Байден эмасман ва мен, албатта, Дональд Трамп эмасман. Мен мамлакатимизга таклиф қилинган янги авлод етакчилигиман”.
Бошқа нарсалар қатори, Трамп Ҳаррисни гўёки Путинни Украинадаги уруш бошланишидан уч кун олдин босқиндан қайтаришга уриниб, муваффақиятсизликка учраганликда айблади.
“Улар уруш бошланишидан олдин уни (Ҳаррисни) тинчлик музокараларига юборди. Уч кундан кейин у (Владимир Путин) Украинага бостириб кирди, у урушни бошлади, чунки улар буни заиф ва аҳмоқлик деб айтишди”, дейди Трамп.
Аслида Камола Ҳаррис ҳеч қачон Путин билан шахсан учрашмаган. Украинада уруш бошланишидан олдин у Мюнхен хавфсизлик конференциясида АҚШ иттифоқчилари, жумладан Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказди. Путин ўша анжуманда иштирок этмади.
Дональд Трамп Украина бўйича тинчлик музокараларини бошлашни рағбатлантириш АҚШ манфаатларига мос эканини айтди.
“Биз миллионлаб одамларни ўлдиришни тўхтатишимиз керак”, дейди у.
Шу билан бирга, у Жо Байденни Европа Украинага АҚШ билан бир хил миқдорда ёрдам тўлашини талаб қилишга журъат этмагани учун қоралади. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ уруш вақтида Украинага 250 миллиард доллар сарфлаган, ваҳоланки, Пентагон маълумотларига кўра, Американинг Киевга берган ҳарбий ёрдами ҳозиргача 56 миллиард долларни ташкил этган.
Ўз навбатида, Камола Ҳаррис “нима учун АҚШнинг Европа ва НАТОдаги иттифоқчилари америкаликлардан ҳозир Трамп президент эмаслиги учун шунчалик миннатдор эканини” тушуниш муҳимлигини таъкидлади.
Ҳаррис Трампнинг урушни 24 соат ичида тўхтатиш ва у президент бўлганида уруш бошланмаган бўлиши ҳақидаги даволарига жавобан, у “24 соат ичида таслим бўлган” бўлишини айтди.
“Путин аллақачон Киевда ўтириб, Польшадан бошлаб Европага қараган бўларди. Сиз ўзингизни диктатор билан дўстман деб ўйлайсиз, лекин у сизни тушлик пайтида ҳам газак қилмасдан паққос туширади", деди демократ номзод.
АҚШнинг иқтисодий сиёсати
Камола Ҳаррис Қўшма Штатлардаги мавжуд иқтисодий вазиятни шарҳлар экан, у ва мамлакатнинг амалдаги Президенти Жо Байден Трамп маъмурияти қолдирган тартибсизликдан кейин тартибни тиклаши кераклигини айтди.
Ўз навбатида, Трамп президентлик учун курашдаги рақибини “марксист профессор” отасидан “яхши тарбия” олган “марксист” деб атади. Камола Ҳарриснинг отаси Дональд Харрис нафақага чиқишдан олдин Стенфорд университетида иқтисод профессори бўлган.
Камола Ҳарриснинг ўзи, Трампнинг сўзларига кўра, ўзининг ҳаракат режасига эга эмас. Ҳарриснинг Байдендан кўчириб олган режаси: "биз солиқларни камайтиришга ҳаракат қиламиз".
Ўз навбатида, Ҳаррис собиқ президент Дональд Трампнинг барча импортларга 20 фоизгача божхона тўловларини жорий этиш таклифини “бир ой давомида олиш учун ишонадиган кундалик товарларга солиқ” эканлигини айтди.
Ҳарриснинг сўзларига кўра, иқтисодчилар унинг режаси иқтисодиётни ўстиришига ишонишади, Трампнинг режаси эса уни қисқартиради.
“Дарҳақиқат, Goldman Sachs таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Трампнинг иқтисодий сиёсати – айниқса савдо бўйича – 2025 йилда АҚШ иқтисодиётининг бироз қисқаришига олиб келади. Бундан фарқли ўлароқ, Ҳарриснинг иқтисодий сиёсат бўйича таклифлари келаси йил мўътадил иқтисодий ўсишга олиб келади”, деб эслайди CNN.
АҚШга миграция
Миграция ҳақида гапирган Трамп, ноқонуний муҳожирлар туфайли АҚШдаги хавфсизлик вазиятининг ёмонлашганига диққат қаратди. У бунинг учун айбни Байден-Ҳаррис маъмуриятига юклади ва улар "миллионлаб муҳожирлар ва жиноятчиларни" мамлакатга киритганликларини таъкидлади.
“Бизда жиноятнинг янги шакли пайдо бўлди, у мигрант жинояти деб аталади ва у ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган миқёсда бормоқда”, деди Трамп.
Унинг фикрича, АҚШга мустаҳкам чегара ва мустаҳкам деворлар керак.
Ўз навбатида, Ҳаррис Трампни қурол, гиёҳванд моддалар ва одамлар савдоси билан шуғулланувчи трансмиллий жиноий ташкилотларни таъқиб қилиш учун чегара хизматига қўшимча ходимлар билан таъминлаш имконини берадиган қонун лойиҳасининг қабул қилинишига тўсқинлик қилгани учун қоралади.
"Қўшма Штатларга ечим излайдиган ва муаммолар билан шуғулланадиган етакчи керак. Бироқ Трамп муаммоларни ҳал қилишдан кўра, ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни афзал кўради", дейди Ҳаррис.
АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил ноябрида бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь