Путин Си Цзиньпинни Украина билан “ярашиш” учун воситачи бўлишга ундаяптими? 

Олам

image

Аввалроқ Хитой раҳбарининг 20-22 март кунлари Россияга ташриф буюриши маълум бўлганди. Си Цзиньпин Путин билан учрашувдан аввал Россиянинг РИА Новости ва “Российской газеты” нашрларида мақола эълон қилди. Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳам мос равишда Хитойнинг етакчи нашрларидан бири “Жэньминь жибао”да мақоласи чиқди. 

Хитой раҳбари ўз мақоласида Россияга ташриф ва ундан кутилаётган мақсадлари ҳақида баён қилган. Муҳим жиҳати шундаки, ушбу мақолада Украинадаги уруш тўғрисида ҳам фикр билдирилган. Хусусан, у бўлажак ташриф тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга қаратилганига урғу берган. Ўз навбатида, Путин ҳам бу учрашувдан умиди катта эканини билдирган. 

Си Цзиньпин Украиндаги урушни “инқироз” деб атаган. 

“Ўтган йилнинг бошидан бери Украина инқирозининг тўлиқ кучайиши кузатилмоқда. Хитой, содир бўлаётган воқеаларнинг моҳиятига асосланиб, доимо объектив ва холис позицияни эгаллайди, ярашиш ва тинчлик музокараларини ривожлантиришга фаол ҳаракат қилади. Мен айтган бир қатор мулоҳазалар Хитойнинг Украина келишувидаги асосий тамойилидир”, деб ёзган Си Цзиньпин.

Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, гап, хусусан, “БМТ Низомининг мақсадлари ва тамойилларига риоя қилиш, барча давлатларнинг хавфсизлик соҳасидаги оқилона ташвишларини ҳурмат қилиш, Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва глобал ишлаб чиқариш ҳамда таъминот занжирларининг барқарорлигини таъминлаш зарурати” ҳақида кетмоқда.

Си Цзиньпин мураккаб муаммолар осон ечимларга эга эмаслигини таъкидлаб, шундай дейди: 

“Биз ишонамизки, Украина инқирозидан оқилона чиқиш ва дунёда мустаҳкам тинчлик, умумий хавфсизликка эришиш учун йўл бор. Бу ҳамма умумий, яхлит, қўшма ва барқарор хавфсизлик концепциясига амал қилиши, диалог ва маслаҳатларни тенг, оқилона ва прагматик тарзда давом эттиришидир”.

Си Цзиньпин Хитой ва Россия ўртасидаги муносабатлар мавзусига ҳам эътибор қаратган.

“70 йилдан ортиқ вақт давомида Хитой-Россия муносабатлари жуда қийин йўлни босиб ўтди. Ўтмишга назар ташласак, Хитой-Россия муносабатларининг бугунги даражаси осон бўлмаганини, Хитой ва Россия ўртасидаги сўнмас дўстликни эҳтиёткорлик билан сақлаш кераклигини чуқур англаймиз”, дейилади мақолада.

Хитой раҳбарининг қўшимча қилишича, Россияга ҳозирги ташриф дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган, Путин билан биргаликда Россия-Хитой муносабатларини ривожлантириш учун янги режаларни тузишга тайёр.

Путин эса Хитой нашрида чиққан мақоласида Хитой Халқ Республикаси раисининг ташрифи муҳим воқеа эканлиги ва Россия катта умидларни бўлажак музокаралар билан боғлашини таъкидлаган.

Шунингдек, у, сўнгги ўн йилликда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишини эътироф этган. 

“Россия-Хитой муносабатлари ўз тарихидаги энг юқори даражага кўтарилди ва ўсишда давом этмоқда, уларнинг сифати совуқ уруш давридаги ҳарбий-сиёсий иттифоқлардан устундир. Уларда етакчи тараф йўқ, чекловчилар ёки тақиқланган мавзулар йўқ. Бизнинг сиёсий мулоқотимиз ниҳоятда ишончли, стратегик ўзаро таъсири кенг қамровли ва янги даврга кирди”, деб ёзган Путин.

Россия федерацияси Президентининг таъкидлашича, Россия “Украина инқирози”ни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга очиқ ва Хитойнинг бунда конструктив роль ўйнашга тайёрлигини олқишлайди.

Маълумот учун, 17 март куни Кремлда Си Цзиньпиннинг 20-22 март кунлари Россия Президенти таклифига биноан ушбу мамлакатга ташриф буюриши тасдиқланганди. 

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги спикери Ван Вэньбин шу куни Си Цзиньпин Россияга ташрифи чоғида Хитойнинг Россия-Украина урушига нисбатан “объектив ва холис” позициясини ҳимоя қилишини ва тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини илгари суришини айтган.

“Хитойнинг позицияси битта таклифга тўғри келади, яъни тинчликни талаб қилиш ва музокараларни ривожлантириш”, дейди у.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Путин Украина Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг