Путин Мирзиёев ва Тўқаев билан газ масаласида гаплашгани маълум бўлди
Олам
−
27 Декабрь 2023
8621Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг кеча, 26 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган норасмий саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан газ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Бу ҳақда Россия етакчисининг матбуот котиби Дмитрий Песков “Известия” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
“Биз [МДҲ саммити] доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари Путин билан газ соҳасидаги ҳамкорлик мавзусини муҳокама қилаётганини кўряпмиз”, деган Песков.
У бу ўзаро ҳамкорлик самарали ривожланаётганини қайд этган.
Унинг эслатишича, “Газпром” мавжуд эски қувур тизимини бекор қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширган.
“Шундай тариқа икки республика биздан газ олади”, дея қўшимча қилган Песков МДҲ саммити доирасидаги мулоқот ҳар доим самарали ва фойдали эканини билдириб.
Песков МДҲнинг норасмий саммити якунида Россия Президенти Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан алоҳида икки томонлама учрашувлар ўтказганини ҳам эслатиб ўтган.
“Норасмий саммит якунида Путин меҳмонларни кутиб олиб, Қозоғистон Президенти ва Ўзбекистон Президенти билан алоҳида икки томонлама учрашувлар ўтказди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати томонидан Мирзиёев ва Путин учрашуви ҳақида берилган хабарда мавқедошлар газ масаласини муҳокама қилгани айтилмаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг ноябрь ойи бошида “Газпром” ва Қозоғистон табиий газни етказиб бериш, ташиш ва қайта ишлаш, шунингдек, уни геология-қидирув ва қазиб олишга тааллуқли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди.
Июнь ойида Ўзбекистон “Газпром” билан икки йиллик газ сотиб олиш шартномасини тузди, кунига етказиб бериш ҳажми 9 миллион кубометрни, йиллик ҳажми эса деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади. Ушбу шартнома бўйича етказиб бериш 2023 йил 7 октябрда бошланган. “Шу билан бирга, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ бўйича ҳамкорлик горизонти 15 йилни ташкил этади ва узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин”, деди “Газпром” раҳбари Алексей Миллер. “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали Россия газини тескари йўналишда етказиб бериш 2025 йилнинг ноябридан кечиктирмай амалга оширилиши керак.
Шу билан бирга, “Газпром” ва Қозоғистон ҳозирда Остона шаҳрини газлаштириш учун етказиб бериш йўналиши устида ишламоқда, компания Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш учун янги йўналишлар ва “Бухоро-Урал” газ қувурини ҳам кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, “Газпром” Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали учинчи давлатларга газ транзитини истисно қилмайди.
LiveБарчаси