Путин қаттиқ адашди – Пригожин
Олам
−
24 Июнь 2023
56381“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин Россия Президенти Владимир Путиннинг халққа мурожаатидан сўнг, унинг қаттиқ адашганини айтди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизматининг Telegram-каналига жойлаштирилган аудиоёзувда Пригожин таслим бўлмаслигини билдирган.
“Ватанга хиёнат борасида Президент қаттиқ янглишди. Биз юртимизнинг ватанпарваримиз, курашганмиз ва курашяпмиз. Ҳеч ким Президент, ФХХ ёки бошқа бировнинг илтимосига кўра ўзини топширмайди, чунки биз мамлакат коррупция, ёлғон ва бюрократия ичида яшашини истамаймиз”, деган Путиннинг ошпази.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Путин шошилич халққа мурожаат қилиб, қўзғолонни тайёрлаганларнинг ҳаммаси муқаррар жазога тортилишини айтганди.
Россияда бўлаётган воқеалар
Бугун, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бунинг ортидан Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ҳужум отрядлари жангчиларига, мурожаат билан чиқди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Россияда бўлиб турган фуқароларини огоҳлантирди.
Шундай қизғин вазиятдан Рамзан Қодиров ҳам четда қолгани йўқ. У Чеченистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Россия гвардияси жангчиларини кескинлик юзага келган зоналарга жўнатди.
Бу орада Путин Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркия рахбарларига қўнғироқ қилди. У Қосим-Жомарт Тўқаев, Шавкат Мирзиёев, Александр Лукашенко ва Ражаб Тойиб Эрдўғанни Россиядаги вазият ҳақида хабардор қилган.
Путин билан суҳбатдан сўнг Қозоғистон Президенти матбуот хизмати баёнот бериб, Қосим-Жомарт Тўқаев давом этаётган воқеалар Россиянинг ички иши эканини айтганини билдирди. Эрдўған эса Путиннинг ҳар қандай қадамларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати эса ўзаро сухбатда икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинганини ёзган.