Путин Эроннинг муваққат раҳбарига телефон қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 20 май куни Эрон ижроия ҳокимияти раҳбари вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мохбер билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Россия Президенти самолёт ҳалокатида Эрон Президенти Иброҳим Раисий ва бошқа қатор давлат арбобларининг фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан Эрон олий раҳбари Али Хоманаий, биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер ва бутун Эрон халқига ҳамдардлик билдирди.

"Владимир Путин Россия ва Эрон ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга бебаҳо шахсий ҳисса қўшган ишончли ҳамкор сифатида Иброҳим Раисийни яхши билишини ва қадрлашини таъкидлади", дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Муҳаммад Мохбер мамлакат учун оғир дамларда ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзлари учун самимий миннатдорлик билдирган. Иккала томон ҳам икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида кенг қамровли Россия-Эрон ҳамкорлигини янада изчил мустаҳкамлашга интилишларини таъкидлаган.

Маълумот учун, кеча, 19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.

Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.

Вертолёт қулаган жойда қутқарув ишлари якунланди. Қурбонларнинг жасадлари Шарқий Озарбайжон вилоятининг маркази Табризга етказилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Раисийнинг дафн маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтиши билдирилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон Владимир Путин Муҳаммад Мохбер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made