Путин дунё империялар даврига қайтишини хоҳлайди – АҚШ дипломати
Олам
−
22 Февраль 2022
7969Россия ХХ аср бошигача Чор империяси назоратида бўлган ҳудудларни назоратига қайтаришга даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд ташкилот Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида маълум қилди.
“Совет Иттифоқидан олдин, 100 йилдан кўпроқ вақт олдин мавжуд бўлган Россия империяси ҳудудларига. Бу бутун Украинани ўз ичига олади, бунга Финляндия, Беларусь, Грузия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, Литва, Латвия ва Эстония киради. Бунга Польша ва Туркиянинг бир қисми киради”, деган АҚШ вакили Путиннинг амбициялари ҳақида гапирар экан.
Гринфилд Путин дунёни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мавжуд бўлмаган даврга, дунёда империялар ҳукмронлик қилган даврга қайтишини исташини таъкидлаган.
“Бироқ, дунёнинг қолган қисми олдинга ўтиб кетган”, дейди дипломат Россиянинг истамлари ҳақида гапирар экан.
Аввал хабар берганимиздек, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин россияликларга қарийб бир соат давом этган мурожаатидан сўнг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Дунё давлатлари Путиннинг қарорини қоралаб чиқди ва Ғарб давлатлари Москвага қарши санкциялар жорий қилиш арафасида. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини тутиб турадиган давлат компаниялари акциялари кескин арзонлашди.