Путин Блинкеннинг ташрифидан хавотирдами? У Тўқаевга қўнғироқ қилди
Олам
−
07 Март 2023
11007Кеча, 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилган Россия Президенти Владимир Путин, шу куннинг ўзида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам телефонда гаплашди.
Расмий Остонанинг хабар беришича, Президентлар олий даражада аввал эришилган келишувларни амалга ошириш контекстида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилган.
Транзит-транспорт йўналишлари ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Қозоғистон ва Россия раҳбарлари бўлажак тадбирлар жадвалини ҳам кўриб чиқдилар.
Владимир Путин саройининг маълум қилишича, давлат раҳбарлари Россия-Қозоғистон иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқладилар ва алоқаларни давом эттиришга келишиб олган.
Бу Тўқаев ва Путиннинг жорий йил бошидан буён учинчи марта телефон орқали мулоқот қилиши.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 март куни Путин ва Мирзиёев ўртасида ҳам телефон орқали суҳбат бўлиб ўтганди. Матбуотда ушбу Путиннинг Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан телефон орқали мулоқоти АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг 28 февраль – 1 март кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, Президентлар Тўқаев ва Мирзиёев билан мулоқот қилганидан кейин ўтказилгани эътибор қозонмоқда.
Қуйида QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида Энтони Блинкеннинг Марказий Осиё давлатларига ташрифи ҳақида махсус кўрсатувни томоша қилишингиз мумкин.