Путин билан учрашган Тўқаев энди Тошкентга келяпти
Жамият
−
13 Ноябрь 2025 7046 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 14-16 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлади. Бу ҳақда Оқўрда ва Ўзбекистон Президенти матбуот хизматлари хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ўтказилиши кўзда тутилган. Кун тартибидаги асосий мавзу – савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, маданий-гуманитар лойиҳалар каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш.
Минтақавий ва глобал сиёсатнинг долзарб масалалари, кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади. Халқаро саноат кооперацияси маркази ва қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
16 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 11-12 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Москвада бўлганди. Россия ва Қозоғистон Президентлари Владимир Путин ҳамда Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни тўлиқ стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги декларацияни имзолади.
Live
Барчаси