Путин Байденга “вызов” ташлади
Олам
−
18 Март 2021
28902Россия Президенти Владимир Путин АҚШ раҳбари Жо Байденга мунозараларни жонли эфирда давом эттиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Путиннинг ўзи бугун, 18 март куни “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Путин январь ойида Байден билан бўлган телефон орқали суҳбат АҚШ томонининг ташаббуси эканини эслаб ўтган.
“Мен Президент Байденни мунозараларимизни давом эттиришга таклиф қилмоқчиман, лекин бир шарт асосида: баҳсни жонли эфирда, онлайн равишда амалга оширамиз. Аммо кечиктирмасдан, тўғридан-тўғри, очиқ баҳс асосида”, дейди Путин.
Путин Байден билан эртага бўлса ҳам ушбу баҳсни уютиришга тайёр эканини айтган.
“Мен буни (жонли эфирдаги баҳсни – таҳр.) узоқ келажакка ташлаб қўймаган бўлар эдим. Дам олиш кунлари тайгага боришни, у ерда бироз дам олишни хоҳлайман, лекин эртага ҳам, айтайлик, душанба куни ҳам [жонли эфирдаги мунозарани] амалга ошириш мумкин”, дея қўшимча қилди Россия Президенти.
Путин Россия ҳар қандай вақтда ушбу эфирга тайёр эканини таъкидлаган.
“Марҳамат, биз Америка томони учун қулай бўлган ҳар қандай вақтда тайёрмиз ва ҳозироқ Ташқи ишлар вазирлигига тегишли кўрсатмаларни бераман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жозеф Байден ABC телеканалига берган интервьюсида Путинни “қотил” деб билиши ҳамда Россия раҳбари Америка президентлик сайловига аралашгани учун товон тўлашини таъкидлаганди.
Бунга жавобан Путин Байденга соғлик тилаб, ким бировни ҳақоратласа, ўзи шунақа эканини қўшимча қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Путиннинг таклифидан хабар топган Оқ уй Байден ертага, 19 март куни банд эканини маълум қилди.
LiveБарчаси