Путин Байден билан хавфсизлик масаласида келишувга эришганини очиқлади
Олам
−
08 Декабрь 2021
6506Россия Президенти Владимир Путин америкалик ҳамкасби Жо Байден билан суҳбатни очиқ ва конструктив деб баҳолади. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
"Мулоқот жуда очиқ, мазмунли ва конструктив ўтди. Нима бўлганда ҳам, умид қиламанки, Америка томони бизнинг учрашувимиз натижаларини шундай баҳолайди", дейди Россия давлат раҳбари.
Маълумки, кеча, 7 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Жозеф Байден ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
"Бизда бу мулоқотни давом эттириш имконияти бор, менимча, бу энг муҳими", дея қўшимча қилади Путин.
Россия етакчисининг таъкидлашича, у Байден билан хавфсизлик, НАТОнинг шарққа, жумладан, Украина ҳисобига кенгайиши, киберсферадаги ўзаро ҳамкорлик ва Эрон муаммоси каби мавзуларни муҳокама қилган.
"Биз бир қатор бошқа масалалар, дипломатик алоқаларни нормаллаштириш ва ҳоказолар ҳақида гаплашдик. Умуман олганда, биз бу мавзуларнинг барчасида батафсил, узоқ вақт суҳбат қурдик", дейди Россия Президенти. Унинг қайд этишича, суҳбат икки соатдан кўпроқ давом этган.
Киберхавфсизлик бўйича диалог
Путиннинг айтишича, у ва Байден киберхавфсизлик бўйича мамлакатлар ўртасидаги мулоқотнинг ривожланишини қайд этган.
“Биз киберхавфсизлик, бу соҳада хавфсизликни таъминлаш ҳақида батафсил гаплашдик ва Женевада бўлиб ўтган учрашувимиздан сўнг бу борада сезиларли ютуқларга эришганимизни урғуладик”, дейди Путин.
Унинг сўзларига кўра, “конструктив мулоқот ўрнатилди, у давом этмоқда, тегишли тузилмалар яратилган”.
“Ахборот алмашинуви йўлга қўйилди ва бу ижобий натижалар бермоқда”, дейди Россия Президенти.
Путин Москва бир неча кун ичида хавфсизлик масалалари бўйича таклифлар тайёрлаб, АҚШга тақдим этишини айтди.
“Россия бир неча кун, бир ҳафта ичида ўз мулоҳазаларини том маънода тайёрлайди ва биз уни Америка томонига кўриб чиқиш учун тақдим этамиз.
Биз буни профессионал тарзда амалга оширишга қодир бўлган тегишли тузилма яратилишига келишиб олдик.
Россия хавфсизлик масалалари бўйича Америка томонига ўз таклифларини “иложи борича ошкора тақдим этади”, дейди Путин.
Икки етакчининг кечаги суҳбати Байден Америка президенти лавозимини эгаллаганидан бери бешинчи суҳбатдир. Аввалроқ икки давлат раҳбарлари уч марта телефон орқали гаплашган, июнь ўрталарида эса Женевада юзма-юз учрашув ўтказган эди. Яккама-якка суҳбат деярли икки соат давом этди ва ҳар икки томоннинг фикрича, конструктив ўтган.