Путин айрим маҳсулотлар экспорт ва импортини чеклаш тўғрисидаги фармонни имзолади
Олам
−
09 Март 2022
16904Россия Президенти Владимир Путин мамлакат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги махсус чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади.
Президент Путин йил охиригача рўйхати ҳукумат томонидан белгиланадиган айрим маҳсулот ва хомашёни республикадан ташқарига олиб чиқиш ва олиб киришни тақиқлаш бўйича топшириқ берди.
“Саноат хавфсизлиги ва узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида... 2022 йил 31 декабрга қадар қуйидаги махсус иқтисодий чора-тадбирлар қўлланилишини таъминлашга қарор қиламан”, дейилади ҳужжатда.
Фармонга кўра, чекловлар россияликлар, хорижликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ёки мамлакатдан олиб чиқиладиган товарлар ва хомашёларга таъсир қилмайди.
Президент, шунингдек, ҳукуматга икки кун ичида ушбу (рўйхат ҳам ҳукумат томонидан шакллантирилади) товарларни олиб чиқиш тақиқланадиган хорижий давлатлар рўйхатини аниқлашни топширди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 март куни эрталаб Путин санкциялар остидаги фуқаролар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисидаги қонунни имзолаганди.
Аввалроқ, 7 март куни эса Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси Россияга, унинг компаниялари ва фуқароларига нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга оширувчи хорижий давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлаган эди.
Рўйхатга АҚШ ва Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия (жумладан, Жерси, Ангилья, Британия Виржиния ороллари, Гибралтар), Украина, Черногория, Швейцария, Албания, Андорра, Исландия, Лихтенштейн, Монако, Норвегия, Сан-Марино, Шимолий Македония, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Микронезия, Янги Зеландия, Сингапур ва Тайвань киритилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь