Прокурорни сўккан Боболовга жазо берилди
Жамият
−
27 Сентябрь 2022
23790Ўзбекистон Республикаси Президенти Админиятрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида ўтаётган танқидий йиғилишда бир неча ҳокимлар лавозимидан озод этилиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Президент Администрациясидан илк муждалар кела бошлади.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга прокурорни ҳақорат қилгани учун жарима интизомий жазо чораси қўлланилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовга жарима интизомий жазо чораси қўлланилди”, дейилади Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов тарқатган хабарда.
Сўконғич Боболов
Август ойи ўрталарида ижтимоий тармоқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга оид, деб айтилаётган ҳақоратлар ва сўкинишларга тўла аудиоёзувдан ларзага келди. Тўра Боболов ва Ангор тумани прокурори ўртасидаги телефон орқали суҳбат ёзиб олингани айтилмоқда.
Аудиодан англашилишича, прокурор давлат бюджетини талон-торож қилишда гумонланган ташкилот ходим ёки раҳбарларини сўроқ қилиш учун терговга жалб қилган. Гўшак орқали унга ҳолат бўйича қайта текширув ўтказиш ҳақида буйруқ берилган. Прокурор эса буни писанд қилмаган. Ана ундан кейин кўринг томошани. Итараман, тиқиб юбораман, кет, сен мени совунимга кир ювмабсан... Ҳокимбуванинг оғзидан чиққанларни эшитган бўлсангиз керак. Ушбу аудиоёзув бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати оқлов хабарномасини эълон қилди. Айтилишича, ушбу овоз йиғилишда ёзиб олинган.
“Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган.
Агар ушбу йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинган ва турлича талқин этилаётган аудиоматериалдаги ҳолатлар ўрганиш натижасида қонунга хилоф деб топилса, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёрлигимизни маълум қиламиз”, дейилади муносабатда. Нима? Нима деяпсизлар? Нега унда ҳоким гапни орасида трубкани бер дейди? Ё Сурхондарёда мажлислар телефонда ўтказиладими?
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ортидан Бош прокуратура тарқалган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар бўйича ўрганиш бошлаганини эълон қилди.
LiveБарчаси