Прокурор “Санжик”га 5 йил қамоқ сўради
3-саҳифа
−
01 Май 3659 3 дақиқа
Бугун, 1 май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида давлат айбловчиси – прокурор “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган блогер Санжар Каримовга 5 йил қамоқ жазоси берилишини сўради. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
“Real Sanjik” иши кўриб чиқилаётган судда музокарага киришган давлат айбловчиси ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, фирибгарлик ҳамда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар содир этишда айбланаётган тадбиркорга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўраган.
Мазкур суд мажлисига судья Баҳром Бердиев раислик қилмоқда. Жиноят ишида 2 нафар жабрланувчи бор. У, шунингдек, суддан жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилашни сўради.
Прокурор судланувчи Санжар Каримов жабрланувчига уйни қайтарганини ҳам ҳисобга олинишини билдирган.
“Real Sanjik” иши
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Real Sanjik” билан боғлиқ бошқа иш омма эътиборига тушган эди, яъни 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган, бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Real Sanjik”га 240 минг долларга сотиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.
2025 йилнинг 21 ноябрь куни мазкур иш бўйича суд жараёни якунланди. Унга кўра, Ш.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Ҳолат жамоатчилик эътиборига тушгач, ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва тадбиркор “Real Sanjik” 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эса, блогер тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этмаганини маълум қилди.
Ушбу воқеалар фонида, 2025 йилнинг 28 ноябрь куни у Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олингани маълум бўлди.
Live
Барчаси