“Санжик” можароли ҳовлини болалар уйига ҳали бермагани айтилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида бўлажак куёв алдов йўли билан қизнинг ҳовлисини сотиб юборгани ва ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва тадбиркор “Санжик” (Санжар Каримов) турли муҳокамалардан сўнг 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, блогер тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этмаган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 24 октябрь куни Санжар Каримов 22-сонли Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, мазкур уйини текин фойдаланишга бериш нияти борлиги ҳақида ариза қолдирган. Суҳбат давомида муассаса директори блогерга Меҳрибонлик уйлари тўлиқ давлат таъминотида бўлиб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан белгиланган тартибда уй-жой, овқатланиш, кийим-кечак, таълим ва тиббий хизмат билан таъминланишини айтган. Шунингдек, тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатлар тақдим этилмаган.

“22-сонли Меҳрибонлик уйи республикада сақланиб қолган шундай турдаги иккита муассасадан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда 10 дан ортиқ шундай муассасалар тугатилган бўлиб, улардаги болалар тахминан 300 та оилавий болалар уйларига жойлаштирилган. Бу уйларида болалар оила муҳитига яқин шароитда – васийлик, ғамхўрлик ёки қабул қилинган оилаларда тарбияланмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тизим васийлик масалалари Агентлик тасарруфига ўтгач, ислоҳотлар “гўдаклар уйлари”да ҳам бошланган. Агар илгари уларнинг сони 10 тадан ортиқ бўлган бўлса, бугун мамлакатда атиги 4 та шундай муассаса қолган, асосий эътибор эса гўдакларни оилаларга жойлаштиришга қаратилмоқда.

“Агентлик болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай эзгу ташаббусларга ҳурмат билан қарайди. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, давлат муассасаларига кўчмас мулк ёки бошқа моддий ёрдам шаклларини топшириш зарур эмас, чунки уларнинг фаолияти тўлиқ давлат бюджети ҳисобига таъминланади”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, бугун болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати болалар уйлари тизимидан аста-секинлик билан оилавий тарбия шаклларига ўтишга қаратилган. Бу орқали ҳар бир бола муҳаббат ва ғамхўрлик муҳитида – оилада, васийликда ёки ғамхўрликда вояга етиши учун шароит яратилади. Бу эса замонавий, инсонпарвар ёндашувни ифодалайди, унинг марказида бола ҳуқуқлари ва фаровонлиги туради.

Маълумот учун, 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган. Бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Санжик”га 240 минг долларга сотиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.

Барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тергов якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судига юборилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши доирасида суд жараёнлари бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

болалар уйи Санжик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг