“Санжик” иши бўйича суд якунланди
Crime
−
15:41 8808 3 minutes
Бугун, 7 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримовнинг аппеляция иши бўйича суд жараёни ўз якунига етди. Бироқ ҳукм эълон қилиниши номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири суд залидан хабар берди.
Жорий йилнинг 8 май куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман суди томонидан фирибгарлик, ўлдириш билан таҳдид қилиш ва гиёҳвандлик воситалари муомаласига оид моддалар бўйича айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Санжар Каримовнинг апелляция иши доирасидаги суд жараёни якунланди. Судда Санжар Каримов сўнгги сўзини айтди. Шунингдек, судда у яна бир бор айби йўқлигини билдирди.
“Мен бир нарсани – адолатни кутяпман. Ушбу суд жараёнини бутун МДҲдаги яшайдиган ўзбек диаспорамиз, Америкада яшайдиган диаспорамиз қанчалик адолатли ҳукм чиқади, деб кўриб турибди. Бирорта инсон мен қанақадир бир миллиграм нарсани чегарадан ўтказиш, сотиш мақсадим борлигига ишонмайди. Мен ваҳоланки, 240 минг доллардан воз кечган инсон 400 минг сўмлик нарсани кимга сотаман? Кимга уни тарқатаман?” дейди у суд залида журналистларга.
Шу тариқа, судьялар маслаҳатлашувидан сўнг ҳукм чиқариш номаълум муддатга қолдирилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Санжар Каримовга оид иш кўриб чиқилиб, у суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Бироқ Санжар Каримов суд ҳукми устидан аппеляция тарзида шикоят қилди. Шундан кейин, суд Тошкент шаҳар судида давом этди ва айбланувчи томони судга янги далилларни тақдим этди.
“Real Sanjik” иши
Икки йил олдин “Real Sanjik” билан боғлиқ бошқа иш омма эътиборига тушган эди, яъни 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган, бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Real Sanjik”га 240 минг долларга сотиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.
2025 йилнинг 21 ноябрь куни мазкур иш бўйича суд жараёни якунланди. Унга кўра, Ш.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Ҳолат жамоатчилик эътиборига тушгач, ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва тадбиркор “Real Sanjik” 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эса, блогер тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этмаганини маълум қилди.
Ушбу воқеалар фонида, 2025 йилнинг 28 ноябрь куни у Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олингани маълум бўлди.
Live
All