Прокуратура ишни ими-жимида “ёпди-ёпди” қилади – ОАВ
Жамият
−
03 Октябрь 2019
9961Туркиянинг Odatv.com интернет нашри “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати Ширин Уналнинг уйида ўзини ўлдирган ўзбекистонлик Нодира Қодирова ҳақидаги мақоласида мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари ва расмийларни айблади.
“Агар бу воқеа бошқа мамлакатда содир бўлганда эди, шубҳасиз кун тартибига чиқар эди. Бироқ, мутасаддилар ва телеканаллар, газета ва интернет сайтлар "тилини тишлаб" ўтирибди. Воқеадан бир кун ўтиб, полиция қиз ўз жонига қасд қилганини очиқлади. Уйнинг эгаси Ширин Унал эса бирон-бир фикр билдирмади. Прокуратура тергов жараёни бўйича ҳеч қандай маълумот бермади”, дейди муаллиф.
Сайтда ёзилишича, нафақадаги генерал Ширин Унал Туркия Қуролли кучларида ишлаган кезлари ҳам унга тажовуз қилиш айби қўйилган ва у нафақага чиқарилган. Муаллиф Нодира Қодированинг Ширин Уналнинг уйида махсус рухсатномасиз ишлагани, суд-тиббий экспертизаси ҳам жудла тез ўтказилгани ва унинг жасади зудлик билан Ўзбекистонга юборилганига шубҳа билан қарайди.
“Прокуратура депутат бўлгани учун Ширин Унални ҳали ҳам сўроққа чақирмаган. Лекин Уналнинг гаплари прокуратураникига қарши бормоқда. Маълумотларга қараганда, Унал воқеа юз берган куни уйига келган прокуратура ходимига воқеани айтиб беришни истаган ва ҳаммасини гапириб берган”, деб ёзади нашр.
Хўш, у нималарни айтган?
“Нодира ўз қизимиздек эди. Сўнгги 2-3 ойда унинг ҳаракатларида ўзгаришлар сеза бошладик. У гоҳ кулиб, гоҳ йиғларди. Натижада биз уни докторга олиб бордик ва психологик муолажалар бошлатдик”, дейди Унал.
Маълумки, 23 яшар Нодира Қодирова ўзини депутат Ширин Уналнинг тўппончаси билан отиб қўйган. Бу воқеа қандай юз берди? Тўппонча қандай қилиб Қодированинг қўлига тушиб қолди. Бу ҳақда Унал шундай дейди:
“Ётоқхонадаги шкаф тортмасида тўппончанинг йўқлигини сезгач, тўппончамни кўрмадингми, деб қизимдан сўрадим. Қизим кўрмаганини айтгач, у билан бирга Нодиранинг хонасига бордик ва Нодирадан тўппончани кўрдингми деб сўрадик. Хатти-ҳаракатларида ғалати бўлган Нодира бирдан хонасидаги шкафлар тортмаларини очиб, “мана, қаранг, сизнинг нарсаларингизни мен нима қиламан”, деб бақирди. Шундан кейин қўлига телефонини олди ва “Ҳозир акангга қўнғироқ қиламан, ҳаммасини акангга айтасан”, деб пастки қаватга тушиб кетдим. Бу орада у қизимни ташқарига итариб юборган ва эшикни ичкаридан қулфлаган. Қизим “Дада, тез келинг, тез”, деб бақирганда отилиб юқори қаватга чиқдим. Ўша вақт ўқ овози эшитилди. Эшикни синдиришга ҳаракат қилдик. Натижа бўлмагач, полицияга қўнғироқ қилдик. Зудлик билан етиб келган полиция ходимлари эшикни синдирди. Ўша вақтда Нодиранинг жони узилмаган эди, уни ўша заҳоти шифохонага олиб бордик”.
Ширин Унал шу куни полиция билан биргаликда Нодира Қодированинг хонасига кирган ва Қодированинг хонасида 3 та тўппонча топилган.
“Биз Нодиранинг акаси билан ҳеч қандай тушунмовчилик ва жанжалсиз хайрлашдик. Кейин у нега ОАВга бундай гапларни айтганини билмайман. Унинг дугонаси Лайлони эса танимайман”, дейди Унал.
Таҳририят қуйидагиларни қўшимча қилади: Унал буларни прокуратурадаги сўроқ жараёнида айтдими ёки йўқ, буниси бизга қоронғу. Нодира Қодирова Ширин Уналга болалик йиллари оғир кечгани, отасидан зулм кўрганини айтган. “Маошини оиласига юборгани сабаб кундалик чиқимлари учун алоҳида пул берар эдик. Унинг ўқишни истаётганини билгач, ёрдам беришга қарор қилгандик”, дейди Унал.
Ҳар куни 23 яшар қизнинг ўлими билан боғлиқ янги маълумотлар кун тартибига чиқиб турган вақтда бу ишнинг ими-жимида ҳал этилиши ва ҳаммаси “ёпди-ёпди” қилиниши эҳтимоли ортиб бормоқда. 9 кун ўтди. Ширин Унал сукут сақламоқда. Полиция ва прокуратура суриштирувлар қандай ўтаётгани, ишга доир ҳужжатлар ҳақида расмий маълумотлар беришга эҳтиёж сезмаяпти, деб ёзади нашр.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь