Профессор Баҳрулло Лутфуллаев 75 ёшида вафот этди
Маданият-санъат
−
06 Январь 2023
9065Таниқли бастакор, профессор Баҳрулло Лутфуллаев бугун, 6 январь куни 75 ёшида вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг яқинлари QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Баҳрулло Лутфуллаев 1948 йил 5 сентябрь куни Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. У 1972 йилда Тошкент давлат консерваторияси хор дирижёрлиги, 1987 йилда бастакорлик ихтисосликлари бўйича тамомлаган. 2003 йилдан,ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида фаолиятини бошлаган. Бир неча йиллар давомида Ўзбекистон радиоси мусиқий эшиттиришлар бўлими бош муҳаррири, “Ўзбекистон миллий телерадио компаниясида” мусиқа студиясининг бош муҳаррири лавозимида фаолият юритган.
Композиторнинг “Самарқанд ушшоғи”, “Ёр истаб”, “Ҳазилкаш шоҳ”, “Мангу машъал” каби мусиқали драмалари, солист ва хор учун “Ҳур Ўзбекистон”, “Тошкентим бор” сюиталари, “Она” поэмаси, “Фироқ” хор туркуми ва бошқа бир қатор асарлари ижодининг ёрқин намуналаридан ҳисобланади. Композиторнинг мусиқали драмалари Муқимий номидаги “Ўзбек давлат мусиқали драма театри” репертуаридан кенг ўрин олган.
1999 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, 2001 йилда “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган. 2008 йилда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвонини олган.
QALAMPIR.UZ жамоаси марҳум Баҳрулло Лутфуллаевнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.