Пригожинга қарши жиноий иш тўхтатилади – Песков
Олам
−
25 Июнь 2023
22512Россияда қўзғолонда қатнашган “Вагнер” ёлланма аскарларининг олдинги хизматларини ҳисобга олинган ҳолда таъқиб қилинмайди. Бу ҳақда журналистларга Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Қолган жангчиларга [қўзғолонда қатнашганларга] келсак, уларнинг фронтдаги хизматларини ҳисобга олиб, ҳеч ким уларни таъқиб қилмайди”, деган Песков.
Шунингдек, Кремль матбуот котиби “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга қарши жиноий иш тўхтатилишини, у Беларусга жўнаб кетишини билдирган.
"Пригожиннинг Беларусга кетишининг кафолати Россия Федерацияси Президентининг сўзидир", дея қўшимча қилган Путиннинг матбуот котиби.
Бироқ Песков Пригожиннинг келажакдаги касби ва лавозими нима бўлиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмаслигини айтган.
Маълумот учун, Пригожин ва "Вагнер" жангчилари тўлиқ таркибда Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штаб-квартираси ҳудудини тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олганди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини сўраган ва Москвагача боришини билдирди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли кучлар ҳаракатини тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.