Пригожин Россияни Украина разведкасига сотмоқчи бўлган – WP 

Олам

image

“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин шу йилнинг январь ойида Украина қўшинларига Россия армиясининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни беришни таклиф қилган. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри яқинда интернетга сиздирилган Пентагоннинг махфий ҳужжатларига таяниб, хабар берди

Қайд этилишича, Бахмут учун қонли жангларда минглаб ҳарбийларидан айрилган Пригожинн Украина махсус хизматларига Бахмутдаги қўшинларини олиб чиқиш эвазига Россия ҳарбийларининг жойлашган нуқталари ҳақидаги муҳим маълумотларни ошкор қилмоқчи бўлган. Пригожин бу таклифни уруш бошланганидан буён ўзаро махфий алоқаларини сақлаб қолган Украина ҳарбий разведка бошқармасидаги шахсларга юборган. Мазкур маълумотлар Пентагоннинг олдин эълон қилинмаган ёпиқ ҳужжатларидан ўрин олган. Сиздирилган ҳужжатда Пригожин Россиянинг айнан қайси позицияларини сотмоқчи бўлгани маълум эмас. 

Охирги вақтларда “Вагнер” раҳбари билан Россиянинг юқори ҳарбий мулозимлари ўртасидаги алоқалар ёмонлашган. Хусусан у, яқинда Бахмутда ҳалок бўлган ёлланма аскарларни тасвирга олиб, жангчиларга ўқ-дори мутлақо етишмаётгани, улар бекорга тайёр “гўшт”га айланиб қолаётганини таъкидлаган, ҳатто Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовлар шаънига ҳақоратли сўзларни “ёғдирганди”. Пригожин талаб қилинган ўқ-дори ва қуроллар етказиб берилмаса, 10 май куни Бахмутни тарк этиб, назорат остидаги позицияларни Россия мунтазам армиясига топширишини айтган ва бу билан Путинга ультиматум қўйган эди. Бироқ кейинроқ у фикридан қайтганди

Икки нафар украиналик расмийнинг тасдиқлашича, Пригожин ҳарбий разведка бошқармасига ростдан ҳам бир неча бор шундай таклиф билан чиққан. Бироқ улар унинг таклифи ғаразли эмаслигига ишонмаган ва буни рад этган. АҚШ расмийлари ҳам Украинани Вашингтонда Пригожиннинг таклифи бўйича худди шундай шубҳалар борлигидан огоҳлантирган ва икки томон ушбу масала юзасидан суҳбат ҳам ўтказган. 

Украина Президенти Владимир Зеленский эса шу ой “The Washington Post” нашрига берган интервьюсида Пригожин билан алоқаларни тасдиқламаган. У, шунингдек, махфий маълумотларнинг оммага ошкор қилинишига нисбатан эътироз билдириб, уларнинг сиздирилиши Россия фойдасига ишлашини айтган. 

“Бу разведка масаласи”, дейди давлат раҳбари. 

Бошқа махфий ҳужжатда эса Россия Мудофаа вазирлиги расмийлари Пригожиннинг ҳақли талаб ва танқидларига қандай жавоб беришга иккиланиб қолгани ва ҳатто Пригожин билан Шойгу ўртасидаги чуқур зиддият ҳақида ҳам маълумот берилади. 

Нашр мақоласида айтилишича, ушбу кескинлик фонида Пригожин Украина разведкаси билан телефон суҳбатларини, шунингдек, Африка мамлакатларидаги Украина ҳарбий разведкаси зобитлари билан учрашувларни давом эттирган. Учрашувларда у Россия ҳарбий бўлинмалари ўқ-дори тақчиллиги билан курашаётганини ҳам ошкор қилган ва Украинани ҳужумни мунтазам армияга нисбатан кучайтиришга ундаган.  Бундан ташқари, у Украина ҳарбий етакчиларига Қрим чегарасига ҳужум билан яқинлашишни маслаҳат берган ва Россия армиясининг руҳий ҳолати ёмон экани ҳақида айтган. Жумладан, “Вагнер”нинг баъзи ҳарбийлари ҳам Бахмутда ўқлар ёмғири остида қолиб, ўлиб кетишдан қўрқаётганини қўшимча қилган. 

Кремль Пригожиннинг Украина билан алоқалари ҳақидаги саволга изоҳ беришни истамаган. Ҳужжатларда, шунингдек, Кремль Пригожиннинг Бахмут бўйича Украина билан амалга оширишга интилаётган келишувидан хабардор бўлиши ёки шубҳаланаётгани эҳтимоли борлиги ҳақида ҳам айтилади. Унда Украина ҳарбий разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия Пригожиннинг махфий алоқаларидан фойдаланиб, уни “Украина агенти” деб эълон қилиши ҳам мумкинлигини айтган.

Разведка ҳужжатларида Пригожиннинг Украина разведкаси билан алоқалари борлиги ҳақида ошкор қилинганига жавобан “Вагнер” раҳбари кеча, 14 май куни ўзининг Telegram-каналида изоҳ берган.

“Ҳа, албатта, мен бу маълумотни тасдиқлай оламан. Бизда хорижий махсус хизматлардан яширадиган ҳеч нарса йўқ. Буданов ва мен ҳали ҳам Африкадамиз”, деган Пригожин.

Бироқ у Украина разведкасига берган таклифи ҳақидаги саволни очиқ қолдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг